Жаҳон | 11:50 / 31.10.2024
1012
3 дақиқада ўқилади

Украина 2029 йилгача ЕИга аъзо бўлиши мумкин – еврокомиссар

Украина ва Молдова Еврокомиссиянинг навбатдаги мандати тугагунга қадар ЕИ аъзоси бўлиши мумкин, деди Европа комиссари Оливер Вархейи.

Фото: neweasterneurope.eu

30 октябр, чоршанба куни Еврокомиссия биринчи марта Украина ва Молдованинг ЕИга қўшилиши мумкин бўлган аниқ санани айтди, деб хабар беради DW мухбири Брюсселдан. 

«Биз Ғарбий Болқон, Молдова ва Украина мамлакатлари учун ислоҳотларни тезлаштиришга ёрдам бериш мақсадида қўшимча воситаларни яратдик. Бу воситалар мамлакатга қараб Ўсиш режаси, Украина режаси деб аталади. Ва бу режа билан биз Ғарбий Болқон давлатлари, Молдова, шунингдек, Украина учун ҳам ҳамма нарсани тайёрлаб қўйдик. Улар Еврокомиссиянинг навбатдаги мандати тугагунга қадар ЕИ аъзоси бўлишлари учун ислоҳотларни якунлаши керак», деди қўшничилик ва кенгайиш бўйича Европа комиссари Оливер Вархейи. 

Европа Комиссиясининг ваколати беш йил давом этади, кейингиси 2029 йилда тугайди.

G7 Киевни НАТОга аъзо бўлиш йўлида қўллаб-қувватлади

Неаполда G7 мудофаа вазирлари Украинани «тўлиқ евроатлантик интеграция, жумладан, НАТОга аъзо бўлиш сари қайтмас йўли»ни қўллаб-қувватлади. Бу 19 октябр куни эълон қилинган қўшма декларациядан келиб чиқади.

«Биз Украинага ёрдам кўрсатишни давом эттириш ниятимиз борлигини, жумладан, қисқа ва узоқ муддатда ҳарбий ёрдам кўрсатилишини таъкидлаймиз», — дейилади учрашув якунлари бўйича баёнотда.

Италия G7'га раислик қиляпти, у, шунингдек, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Германия ва Японияни ўз ичига олган. Неаполдаги музокараларда Европа Иттифоқи, НАТО вакиллари ва Украина мудофаа вазири Рустем Умеров ҳам иштирок этди.

Италияда шу йил ёзида G7 давлатлари Украинага музлатилган Россия активлари ҳисобидан молиялаштириладиган 50 миллиард долларгача (46 миллиард евро) кредитлар тақдим этиш пакетини қабул қилди. Европа Иттифоқи Кенгаши қарори ҳали расмий процедура орқали тасдиқланиши керак, бу бошқа нарсалар қатори Европа парламентининг розилигини ҳам талаб қилади. Мақсад — кредитни кейинги йилнинг бошиданоқ Украинага ўтказиш, кейинчалик тўлаш максимал 45 йил муддатда амалга оширилади.

Мавзуга оид