Жаҳон | 11:03 / 31.10.2024
17996
7 дақиқада ўқилади

Украина нега Россиянинг спирт заводларини нишонга олмоқда?

Октябр ойи бошларидан буён Россиядаги спирт ишлаб чиқариладиган заводларнинг бир нечтасига Украинанинг пилотсиз парвоз қурилмалари ҳужум қилди. Бу қандай мақсадда амалга оширилмоқда?

Фотоколлаж: ВВС/Getty Images

27 октябр куни кечқурун дронлар Воронеж областининг Новохопёрск шаҳридаги «Этанол спирт» спирт заводига ҳужум қилди. Бу ҳафта ичида рўй берган иккинчи шундай ҳужум бўлди.

Воронеж области губернатори Александр Гусев пилотсиз қурилма «хўжалик биноси томига қулагани»ни маълум қилди. Мулозимнинг сўзларига кўра, ёнғин келиб чиқмаган ва ҳеч ким талафот кўрмаган.

Худди шундай ҳужумга Воронеж областининг қўшни Анненск районидаги корхона ҳам дучор бўлган. У ерда эҳтимолий нишон маҳаллий спиртзавод ёки «Анненнефтпродукт» нефт базаси бўлган.

Бунгача Россиядаги спирт заводларга ҳужум 22 октябр куни рй берган. Ўшанда Тула, Тамбов ва Воронеж областларидаги корхоналарга талафот етказилган.

Операцияда ўнлаб зарбдор дронлардан фойдаланилган.

Ҳарбий мақсадлар учун спирт

Ўтган йили россияликлар рекорд миқдорда алкоголли ичимликлар харид қилишган. 2023 йилда мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига ўртача 8 литр тоза спирт тўғри келган — бу сўнгги тўққиз йил ичидаги рекорд.

Бироқ, Украина ҳукумати иддаосига кўра, улар спирт заводларини ҳарбий мақсадларда йўқ қилишмоқда. Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг дезинформацияга қарши курашиш маркази раҳбари Андрий Коваленкога кўра, Украинанинг пилотсиз парвоз қурилмалари чиндан ҳам Россиядаги спирт заводларини нишонга олмоқда. Лекин у мазкур корхоналарини «ҳарбий объектлар» деб ҳисоблаш мумкинлигини қайд этган.

«Россияда спирт заводлари нафақат спирт ишлаб чиқаради, шунингдек, ҳарбий мақсадлар учун турли кўринишдаги тоза ёқилғи ва портловчи моддалар ҳам тайёрлайди. Шунинг учун уларга ҳужум қилинмоқда. Буларнинг барчаси ташқаридан бошқача кўринса ҳам, аслида ҳарбий объектлар», деган у.

Унинг сўзларига кўра, спирт заводларида ракеталар ва авиация учун ёнилғи, портловчи моддалар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, спиртдан авиацияда ҳам фойдаланилади: уни ёнилғига, тормоз тизимларига, тозалаш учун ишлатиладиган суюқликлар ва музлашнинг олдини олувчи суюқликларга қўшишади.

Чиндан ҳам шундайми?

Спирдан чиндан ҳам портловчи модда ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин. Аниқроғи, гидролиз ёрдамида у аввалига этиленгликолга айлантирилади, сўнгра этиленгликолдинитрат (ЭГДН) ёки нитрогликол деб аталувчи портловчи бирикмага.

Илк марта тоза нитрогликолни 1870 йилда белгиялик кимёгар Луи Генри 0 даражагача совитилган азот ва олтингугурт кислоталари аралашмасига этиленгликол қўшиш йўли билан ҳосил қилган. 1914 йилда ундан Германияда динамитнинг антифризи сифатида фойдаланилган.

Воронеж областидаги «Этанол Спирт» заводида дрон зарбасидан кейин чиққан ёнғин. Фото: Astra

Иккинчи жаҳон уруши даврида глицерин тақчиллиги боис ЭГДН тутунсиз порохларда ишлатилган. Кейинроқ ЭГДН ўта заҳарли бўлгани боис ҳарбий мақсадларда ишлатилмай қўйган. Лекин террорчилар ундан қўлбола бомба ясашда фойдаланишда давом этишган.

Спирт бирикмалари фуқаролик ҳаётидан четда ишлатилишига полиэтиленгликолнинг қаттиқ ракета ёнилғиси таркибий қисмларидан бири сифатида ишлатилишини келтириш мумкин. Спирт ҳарбий тиббиётда кенг қўлланиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Дронлар ҳужум қилган корхоналар агар уларнинг сайти ва Россия ОАВдаги маълумотларга ишонилса, чиндан ҳам Россия Федерацияси мудофаа комплексига ўз маҳсулотларини етказиб беради.

Масалан, Тамбов областидаги «Биохим» АЖ ўз веб-сайтида 500 дан ортиқ Россия корхоналарига маҳсулот етказиб беришини ёзган. Уларнинг орасида мудофаа ва аэрокомик комплекслар, атом саноати ва ҳарбий денгиз флоти корхоналари бор.

Экспертлар шубҳаси

Бироқ ҳарбий экспертлар спирт заводларига қилинаётган ҳужум самарадорлигига доир мутлақо тескари фикрларини билдиришмоқда.

Масалан, россиялик таҳлилчи (чет эл агенти деб топилган) Руслан Левиев авиацияда спирт аллақачон деярли ишлатилмаётганини ёзади.

«Бу музлашга қарши воситаларнинг барчаси гликол эритмаларида ишлайди, у эса этиленгликолдан олинади. Этиленгликол 70 йиллардан буён спиртдан тайёрланмаяпти, шунчаки тўғридан тўғри этилендан олинмоқда», — дейди у.

У шунингдек, этанолни бензин таркибига қўшиш — Россияда кам тарқалган тажриба эканини таъкидлаб, авиацияга мутлақо алоқаси йўқлигини қайд этади.

Спиртдан порох ишлаб чиқариш масаласи бўйича Левиев «жуда кам миқдорда қўшилиши»ни айтиб, бу ҳолатда спирт кетмаслиги, чунки жараёнда у буғланмаслигини қўшимча қилади.

«Сиз Россиядаги спирт заводларининг ярмини яксон қилишингиз мумкин — порох ишлаб чиқаришда бунинг таъсири асло сезилмайди», — дея ўз сўзларини хулосалайди таҳлилчи.

Рассказово қишлоғидаги (Тамбов области) «Биохим» спирт заводи. Украинлар дрони бу ерга 22 октябр куни ҳужум қилган. Завод сайтига кўра, у РФ мудофаа комплекси эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб беради

Бир вақтнинг ўзида россиялик яна бир ҳарбий таҳлилчи Василий Дандикин бу зарбалар Россия авиациясига зарар етказиши мумкинлигини айтади: «Спирт заводларига улар одамларимиз камроқ ичиши учун зарба бераётгани йўқ. Фикримча, зарбалар ҳарбий мақсадларда амалга оширилмоқда».

«Гап шундаки, спирт нафақат алкогол ва озиқ-овқат саноатида ишлатилади, шунингдек ишлаб чиқариш саноати, тиббиёт ва ҳаттоки авиацияда ҳам ундан фойдаланилади: спирт асосида самолётлар учун махсус суюқликлар тайёрланади, масалан, уларнинг қанотларини музлашдан асраш учун», — деган у «Московский комсомолец» нашрига берган интервюсида.

Украиналик авиация эксперти Виталий Романенко BBC украин хизматига берган интервюсида шахсий тажрибаси орқали спирт авиацияда қандай ишлатилишидан хабардор эканини айтган. Лекин бу ўринда гап фақат радиоэлектрон воситаларни ишлаб чиқаришда мойлардан халос қилиш ҳақида боради.

BBC’нинг Украина ҳарбий раҳбарияти билан боғлиқ суҳбатдоши Россия спирт заводларига ҳужумларнинг амалий маъноси тўғрисидаги саволга тўғридан тўғри жавоб бермаган, бироқ, бу объектлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва радиоэлектрон кураш воситалари билан яхши таъминланмаганини қайд этган.

«Сўнгги ойларда Россияда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими сезиларли тарзда кучайтирилди ва бизнинг дронларимиз бу мудофаа чизиғини ёриб ўтиши тобора қийинлашмоқда. Бу объектлар эса энг кучсиз ҳимояга эга», — деган у.

Мавзуга оид