Жаҳон | 16:53
8120
2 дақиқада ўқилади

АҚШда президентлик сайлови бошланди

Илк сайлов участкасида овоз бериш жараёни бир неча дақиқа давом этди.

Фото: The New York Times

5 ноябр куни Қўшма Штатларда сайлов участкалари очилди. 1960 йилдан бери кузатилаётган анъанага кўра, биринчи бўлиб Ню-Ҳэмпширдаги Диксвилл Нотч кичик шаҳарчаси аҳолиси овоз берди.

CNN маълумотларига кўра, ушбу сайлов участкасида 6 нафар сайловчи маҳаллий вақт билан ярим тунда (Тошкент вақти билан 10:00) сайлов участкасига йиғилиб, овоз берди ва дарҳол сайлов натижалари ҳисоблаб чиқилди. Натижаларга кўра, амалдаги вице-президент, демократлар номзоди Камала Ҳаррис ва собиқ президент, Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп ҳар бири учтадан овоз олди.

Мамлакатдаги илк сайлов участкалари Вермонтда маҳаллий вақт билан соат 5:00 да (Тошкент вақти билан 15:00) очилди. Қўшма Штатлардаги аксарият сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 7:00 ёки 8:00 атрофида очилади (Тошкент вақти билан 17:00 ёки 18:00). Энг охирида Ҳавайи оролларидаги участкалар очилади — Тошкент вақти билан 22:00.

Шу билан бирга, 82 миллиондан ортиқ АҚШ фуқароси муддатидан олдин овоз берган.

Президентлик сайловидан ташқари, 5 ноябр куни Қўшма Штатларда Конгресс аъзолари, айрим штатларда эса губернаторлар ва қонун чиқарувчи органлар учун сайловлар ҳам бўлиб ўтади.

Мавзуга оид