Ўзбекистон | 14:37
1271
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Туркий инвестиция форумини ташкил этишни таклиф қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, бугунги оғир глобал иқтисодий шароитда энг долзарб муаммо бу – инвестиция жараёнларининг узлуксизлигини таъминлашдир.

Жаҳон молия бозорида капиталга бўлган талаб ва унинг нархи тобора ошиб бормоқда. Ривожланаётган давлатлар учун узоқ муддатли ва “яшил” кредитлар ажратиш шартлари қийинлашмоқда.

"Биз Ташкилотимиз доирасида молиявий инструментларни жорий этишга жиддий эътибор қаратишимиз керак. Туркий инвестиция жамғармаси ишини фаоллаштириш, бизнинг ташаббусимиз бўлган Туркий ривожланиш банкини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларга халқаро молия институтлари ва чет эл инвестиция компанияларини кенг жалб этиш ҳам долзарб вазифадир. Бу борада Туркий инвестиция форумини ташкил этишни таклиф қиламиз ва унинг илк тадбирини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз", деди президент.

Яна бир устувор масала бу – транспорт коридорларидан самарали фойдаланишдир.

Ўрта коридор бўйлаб транзит тарифларини мақбуллаштириш, чегаралардан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратиш умумий манфаатларга тўла жавоб беради.

"Ташкилотимиз доирасидаги ташувларда электрон ҳужжатлар айланмасига ўтиш ва уларни ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битимни имзолашга чақирамиз.

Бундай долзарб масалаларни бизнес вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилиш мақсадида Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари алянси билан ҳамкорликда Халқаро логистика конференциясини ўтказишни таклиф этамиз", деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид