Байрутга берилган зарбалар, сионист вазирнинг истаги ва Қирғизистондаги ҳибсга олишлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Яқин Шарқдаги вазият
Исроилнинг Ғазодаги марказий ва шимолий туманларга берган зарбалари натижасида яна инсонлар ҳалок бўлди. Фаластиннинг WAFA агентлиги хабарларига кўра, Ғазо шаҳрининг Ал-Жела кўчасидаги уйга берилган авиазарба натижасида 3 киши ҳалок бўлган.
Шунингдек, секторнинг марказий қисмидаги «Нусайрат» қочқинлар лагерининг ғарбидаги Ар-Раҳмат туманидаги уй вайрон қилингани сабабли 3 киши ўлдирилган, 11 киши яраланган.
Шимолдаги Байт Ханун туманидаги икки уйга зарба берилиши сабабли яна икки киши ўлдирилган.
403 кундан буён давом этаётган қирғин оқибатида Ғазодаги қурбонлар сони 43 минг 665 кишига етди. 103 мингдан зиёд инсон яраланган.
Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ливан пойтахти Байрут шаҳри жанубига ҳам учта авиазарба берган.
Ливаннинг NNA агентлигининг хабарига кўра, «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг ўчоғи ҳисобланувчи Даҳия тумани Исроил авиацияси нишонига айланган.
Даҳиядаги Ҳурайк мавзесига Исроил армиясининг расмий вакили Авиҳай Адраининг таҳдидларидан сўнг дарҳол ҳужум уюштирилган. Аввалроқ Адраи Х ижтимоий тармоғида Байрутдаги Даҳия мавзесида 11 та нишонни белгилаб пост қолдирган эди.
Сионист вазирнинг истаги
Исроилнинг экстремист ва ултраўнг миллатчи молия вазири Бецалел Смотрич АҚШ президенти этиб Доналд Трампнинг тайинланиши «Исроил давлати учун муҳим истиқболларни очишини»ни маълум қилган.
Доналд Трамп аввалги президентлиги чоғида Суриядан босиб олинган Жўлан тепаликларини Исроилники деб атаб, Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олган ва АҚШ элчихонасини ҳам Қуддусга кўчирган эди. Энди эса Смотрич Трампнинг ёрдами билан Фаластиннинг Ғарбий соҳилдаги қисми тўлиқ аннексия қилиниши мумкинлиги ҳақида оғиз очган. У «Диний сионизм» партияси йиғилишида чиқиш қилар экан, 2025 йилда Ғарбий соҳилни аннексия қилишни ваъда қилган ва Фаластиннинг бу қисми устидан суверенитет ўрнатиш учун зарур кўрсатмалар берганини айтган.
Халқаро ҳамжамият 720 минг яҳудий истиқомат қиладиган Шарқий Қуддус ва Ғарбий соҳилдаги яҳудий манзилгоҳларини ноқонуний ва тинчликка рахна солувчи деб билади.
Бироқ Трампнинг аввалги маъмуриятидаги икки мулозим Исроилнинг юқори мартабали вазирларини Трамп иккинчи муддати чоғида Ғарбий соҳилнинг Исроил томонидан аннексия қилиниши қўлламаслигини айтган.
АҚШнинг Сурияга зарбалари
АҚШ Марказий қўмондонлик кучлари (CENTCOM) Суриядаги Эрон билан боғлиқ гуруҳларнинг тўққизта объектига ҳужум уюштирган. Зарбалар сўнгги сутка ичида Сурияда жойлашган Америка персоналига нисбатан амалга оширилган бир нечта ҳужумларга жавобан ўтказилган.
Қўмондонликнинг тарқатилган хабарларига кўра, мазкур зарбалар Сурияда ИШИДга қарши кураш доирасида жойлаштирилган АҚШ ва коалиция кучларига нисбатан гуруҳларнинг келгусидаги ҳужумларининг олдини олиш мақсадида уюштирилган.
Зарбаларга изоҳ берар экан, CENTCOM раҳбари генерал Майкл Курилла АҚШнинг бундай воқеаларга нисбатан куч билан жавоб бериш қатъиятини таъкидлаб ўтди.
«Бизнинг сигналимиз аниқ-тиниқ: Биз АҚШ ва коалиция бўйича ҳамкорларимизга қилинаётган ҳужумларга жим қараб тура олмаймиз. Биз келгусида ҳам персоналимиз ва коалиция бўйича ҳамкорларимизни ҳимоялаш учун чоралар кўрамиз ва ўйловсиз амалга оширилган ҳужумларга жавоб берамиз», деган Курилла.
НАТО бош котиби Украина ҳақида
НАТО бош котиби Марк Рютте Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди. Рютте Ғарбни Украинага ёрдамни ошириш ва можаронинг «траекториясини ўзгартириш» зарурлигини таъкидлади.
«Россия Шимолий Корея, Эрон ва Хитой билан ҳамкорлик қилиб, нафақат Европага таҳдид солади, балки Ҳинд-Тинч океани ва Шимолий Америкада тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солади. «Биз трансатлантик иттифоқимизни мустаҳкам сақлашимиз керак. Биз дуч келаётган энг муҳим муаммо, шубҳасиз, Украинани қўллаб-қувватлашдир», — деди у Франция президенти Эммануэл Макрон билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида.
Рютте, украиналиклар «2022 йилдан бери энг оғир қишга тайёргарлик кўраётганини» ва АҚШ билан Европа Иттифоқи «узоқ йўлни босиб ўтиш» мажбуриятини тасдиқлаши кераклигини айтди.
«Биз Украинани курашда қўллаб-қувватлашдан ҳам кўпроқ нарсани қилишимиз керак. Россия учун оқибатларни оғирлаштириш ва Киевга «можаронинг траекториясини ўзгартириш учун зарур бўлган ёрдам» кўрсатилиши керак», деди НАТО бош котиби.
Шу билан бирга, Рютте иккинчи муҳим вазифа бу янада хавфли дунёда НАТО мудофаасини кучайтириш эканини таъкидлади.
«Тезроқ ҳаракат қилиш учун бизга кучли трансатлантик мудофаа ҳамкорлиги керак. Мудофаага кўпроқ сармоя киритиш лозим. Мудофаага қанча кўп маблағ сарфласак, келажакдаги можаролар хавфини шунчалик камайтирамиз», — деди у.
Германияда муддатдан аввал сайловлар
Германия бундестагида муддатидан олдин ўтказиладиган сайловлар санаси маълум бўлди. У 2025 йилнинг 23 февралида бўлиб ўтади. Сайловлар санаси мухолифат ва ҳукмрон партия вакиллари билан келишилган. Энди уни Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер тасдиқлаши керак.
Қайд этилишича, муддатидан олдин ўтказиладиган сайловлар санаси, шунингдек, Германия канцлери Олаф Шолц томонидан Германия молия вазири Кристиан Линднер ишдан бўшатилгани ва унинг ортидан Эркин демократик партиясидаги сафдошлари ўз хоҳишига кўра истеъфо берса-да, амалдаги ҳукумат коалициясидан чиқмасликка қарор қилган «Иттифоқ 90»/«яшиллар» партияси билан келишилган.
Шолц жамоатчилик босими туфайли ўз ҳукуматига ишонч масаласини 15 январ куни бундестагда овозга қўйиши кутилмоқда. Ҳозирча бу расман тасдиқланмаган.
Муддатидан олдин ўтказиладиган сайловлар санаси бўйича якуний қарорни Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер қабул қилиши керак.
6 ноябр куни Олаф Шолц молия вазири ва Эркин демократик партия раиси Кристиан Линднерни ҳукмрон партиялар раислари ва уларнинг парламентдаги фракциялари раҳбарларини ўз ичига олган коалиция қўмитасидаги можаролар авж олганидан сўнг ишдан бўшатган эди ва ҳукмрон «светофор» коалиция барбод бўлган эди.
Россияда мигрантлар учун янги қоидалар
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади. Энди мигрантларга уй-жой ижарасини шартнома асосида ва фақат бир йил муддатга бериш таклиф қилинмоқда.
ЛДПР фракцияси Россия ҳукуматига шуни назарда тутувчи қонун лойиҳалари пакетини юборди.
Партия етакчиси Леонид Слуцкийнинг таъкидлашича, Москвада арзон сегментдаги уй-жойларнинг 85 фоизида мигрантлар истиқомат қилади.
«Резина» квартира ташкил қилган ижарачини ҳам, мигрантларни ҳам жазолаш керак. Уй-жойни кўплаб қариндошлар, дўстлар ва ватандошларга қайта ижарага беришни тақиқлаш лозим. Қонунни бузса – жарима!» деб ёзган у.
Слуцкий сўзларига кўра, ЛДПР қабулхонасига чет эллик ижарачиларнинг хатти-ҳаракатлари устидан кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Унинг фикрича, ахлоқ қоидаларига риоя қилмайдиган хорижлик ижарачиларнинг ёнида яшаш россияликлар учун муаммо туғдиряпти.
«Одамлар фарзандлари учун ҳам, ўзи учун ҳам қўрқмоқда. Бундай квартираларнинг эгаларини топиш жуда қийин, полиция чақириш эса мигрантларнинг тажовузкорлигини янада кучайтиради», деб ёзди депутат.
Россияда миграция сиёсатининг кескинлашуви «Крокус Сити Ҳолл»да содир этилган терактдан сўнг бошланди. Август ойида Россия президенти Владимир Путин ноқонуний мигрантларни чиқариб юборишнинг ҳуқуқий режимини ўрнатиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.
У 2025 йил февралидан кучга киради.
Қирғизистондаги ҳибсга олишлар
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди. Мамлакат Ички ишлар вазирлигига кўра, қўлга олинган шахслар орасида Қирғизистон фуқароларидан ташқари, чет элликлар ҳам бор.
Ҳолат юзасидан оммавий тартибсизликларни ташкиллаштириш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
17 ноябр куни Қирғизистонда маҳаллий кенгашлар учун депутатлар сайлови бўлиб ўтади.
«Бишкек шаҳри яқинида спорт ўйинлари, шунингдек, турли мусобақаларни ўтказиш режалаштирилган эди. Шу баҳонада улар (қўлга олинган шахслар) зўравонликка чақириш, конституцияга зид талабларни илгари суриш ва сайлов куни ҳокимиятни эгаллаб олиш учун вазиятни беқарорлаштиришни мақсад қилган», — дейилади ИИВ хабарида.
Тинтув давомида улар яшаган жойдан жанговар граната, тўппонча, учта квадрокоптер, шунингдек, «олoмонга ичириш учун минг шиша ароқ», бир тонна гуруч ва от топилган.
Қирғизистон ҳукумати 2024 йил бошидан бери ҳокимиятни эгаллашга учинчи марта уринилаётгани тўғрисида хабар берди. Январ ойида республика президенти Садир Жапаров давлат тўнтаришининг олди олинганини маълум қилганди. Июлда эса мамлакат махсус хизматлари томонидан тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллашни ният қилган бир гуруҳ шахслар ушланган эди.
Мавзуга оид
13:35 / 12.11.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар, терговдаги Нетаняҳу ва сайловдан ютган Илон Маск — кун дайжести
13:47 / 11.11.2024
Ғазо шимолидаги сўнгги шифохона, Яманга авиаҳужум ва жиноятини тан олган Нетаняҳу — кун дайжести
14:13 / 09.11.2024
Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести
15:34 / 08.11.2024