Ўзбекистон | 14:32
720
2 дақиқада ўқилади

Покистон Ўзбекистонда "биотехнологик" дори воситаларини ишлаб чиқариши мумкин

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистонга бизнес миссияси ташкил этилган Покистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари юртимиз ҳудудларида яратилган ишбилармонлик муҳити билан танишди.

Фото: "Дунё" АА

Хусусан, покистонлик тадбиркорлар Сурхондарё вилоятининг Ангор, Қизириқ ва Сариосиё туманлари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қарши, Яккабоғ, Чироқчи ва Кўкдала туманлари бўлиб, ўзбек томони билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Сурхондарёда кечган учрашув чоғида Ангор, Қизириқ, Сариосиё туманларининг салоҳиятига оид тақдимотлар ўтказилди.  Музокаралар ва В2В форматидаги учрашувлар натижасида  эса қатор келишувларга эришилди.

Покистоннинг Getz Pharma компанияси раҳбари Халид Маҳмуд  Сирдарё ва Тошкент вилоятларига сафари давомида Ўзбекистонда ташкил қилган Novugen Pharma корхонаси фаолиятини кенгайтириш ва унинг негизида "биотехнологик" дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишиб олди.

Бухоро вилоятига уюштирилган сафар ҳам Покистон вакиллари учун самарали бўлди. Жумладан, текстил, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика марказини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва вилоятга покистонлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўналишида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувларга эришилди.

Мавзуга оид