Жаҳон | 13:57
3579
9 дақиқада ўқилади

Таълимсиз қолган Ғазо болалари, соқолини олган Пашинян ва ўзидан кетаётган Илон Маск — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Яқин Шарқдаги вазият

Ҳамас Исроил армияси сўнгги 41 кун ичида Ғазо шимолида 2 мингдан зиёд фаластинликларни ўлдирганини даъво қилмоқда. Ғазо эксклавининг шимоли сўнгги 40 кун ичида қамал қилингани боис 6 мингдан зиёд инсон яраланган.

Шимолдаги Жабалия, Байт Ханун ва Байт Лаҳия туманларига ердан ва ҳаводан зарбалар тинмаяпти. Бу ерда истиқомат қилаётган 80 мингдан зиёд фаластинлик қамал шароитида қолган. Ҳамас Исроилни бу ерда геноцид ва этник тозалаш ўтказаётганликда айблаган.

Бу орада Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазода уруш бошланганидан буён 12 мингдан зиёд ўқувчи ва талабалар ўлдирилганини эълон қилди. 780 мингдан зиёд ўқувчи ва талабалар таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган.

Исроил 441 та таълим муассасасига зарба берган. 77 та мактаб ер билан битта қилиб текисланган.

Исроил армияси Ливан шаҳарларини ҳам ҳужумга олишда давом этмоқда. Байрутнинг жанубидаги Даҳия мавзесида яна портлашлар рўй берди. Авиация камида 10 та зарба бергани айтилмоқда.

Шунингдек, Даҳия туманининг уч мавзесида, Байрутнинг Ал-Ғубайри тумани ва Рафиқ Ҳаририй номидаги халқаро аэропорт яқинидаги Шуфайват мавзесига зарба берилгани тасвирлари тарқалди.

Блинкен Ғазодаги уруш ҳақида

АҚШ давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен Исроил «ўз олдига қўйган мақсадлари»га етишганини, Ҳамас ҳаракатининг етакчиларини ўлдириб, уларга ортиқ 2023 йилнинг 7 октябрида рўй берган йирик ҳужумни такрорлаш имкониятини қолдирмаганини таъкидлаган.

«Менимча, урушни якунлаш вақти келди», — деган Блинкен.

Блинкеннинг қўшимча қилишича, агар Исроил Ғазодаги урушни якунлашга қарор қилса, гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш йўли излаб топилади.

«Бизда Исроилнинг Ғазони тарк этиши ва Ҳамас ортиқ қайтмаслиги борасида аниқ режа бўлиши керак. Шу сабабли биз бу режани ишлаб чиқиш ва амалга жорий қилиш бўйича бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз», — деган Блинкен.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги 2023 йилнинг октябридан буён Исроил ҳужумлари натижасида Ғазода 43 мингдан зиёд инсон ўлгани, уларнинг 70 фоизи аёллар ва ёш болалар экани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаган.

Блинкен Украинадаги уруш ҳақида

АҚШ давлат котиби Трамп ҳокимият тепасига келишидан олдин Украинага ёрдам кучайтирилишини айтди. Вашингтон Байден президентлигининг охиригача Киевга барча ҳарбий ёрдамни ўтказишга ваъда бермоқда, НАТО эса Украинанинг барча иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашни кучайтиришга чақирмоқда.

Блинкен НАТО штаб-квартирасида журналистларга ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия ва зирҳли машиналар каби ҳарбий ёрдам воситаларини санаб ўтиб, «Вашингтон Украинанинг Россия агрессиясидан самарали мудофаасини таъминлаш учун биз қилаётган барча ишларимизга асосланишда давом этади», деди.

Брюсселда у НАТО раҳбарияти билан икки томонлама учрашув ўтказди ва унда Украинани янада қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди.

Иттифоқчиларнинг ушбу учрашувидан кўзланган мақсад «Украинада 2025 йилда самарали курашиш ёки тинчлик музокараларини ўтказиш учун Киевга етарли пул, ўқ-дорилар ва сафарбар этилган қўшинларга эга бўлиши учун» кучларни бирлаштириш бўлган.

Украина бош прокуратурасига кўра, уруш натижасида Украинада 589 бола ҳалок бўлган. 2770 нафар бола жабрланган. 1681 бола жиддий яраланган.

Пашинян конституция ҳақида

Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатни «Тоғли Қорабоғ» билан бирлаштириш банди бўлган Мустақиллик декларацияси «энг катта муаммо ва фожиа» эканини маълум қилди.

У олдин ҳам бир неча бор мамлакатнинг амалдаги Конституцияси муаммоли экани, чунки унда декларацияга ҳавола борлигини айтганди.

«Сўнгги йилларда Мустақиллик декларациясини ўнлаб маротаба қайта ўқиб чиқдим ва бу ҳужжатнинг моҳияти Арманистон Республикаси мавжуд бўла олмаслигини таъминлашдан иборат, деган даҳшатли хулосага келдим. Бу бизнинг энг катта муаммо ва фожиамиз», — деди Пашинян парламентда.

Пашинян январ ойида мамлакатнинг асосий қонунида Мустақиллик декларациясига ҳавола борлигини, бу тинчлик ўрнатишга тўсқинлик қилаётганини, янги Конституция эса мамлакатни ҳозирги геосиёсий шароитда янада яшовчан қилишини айтган эди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳам Арманистон Конституциясининг ўзгартирилиши тинчлик ўрнатиш шарти эканини таъкидлаб келмоқда.

Арманистон Конституциясида 1990 йил 23 августда қабул қилинган Мустақиллик декларациясига ҳавола бор. Ушбу декларация муқаддимасида Арманистон ССР ва «Тоғли Қорабоғ»нинг 1989 йилдаги «Бирлашув тўғрисида»ги қўшма резолюциясига ҳавола келтирилган.

Дарвоқе, Арманистон бош вазири Никол Пашинян соқол-мўйловларини қиртишлаб олиб ташлаб, мутлақо янги қиёфада намоён бўлди. Бу интернетда турли ҳазил ва мазахларни келтириб чиқарди.

Ўзидан кетаётган Илон Маск

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп Илон Маскка АҚШ давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш вазирлиги раҳбари лавозимларидан бирини ишониб топширмоқчи. Маск билан бирга бизнесмен Вивек Рамасвами ишлайди. «Демократия эмас, бюрократияга таҳдидман», деб ёзган Маск ўзига тегишли Х ижтимоий тармоғида.

Илон Маск сайловдан кейинги бир ҳафта давомида Доналд Трампнинг Флоридадаги қароргоҳига деярли ҳар куни ташриф буюрди. Бу Трамнинг атрофидагиларни ғазаблантира бошлаган.

NBC News манбаларига кўра, Маскнинг ташрифидан Трампга бизнесмендан кўра яқинроқ бўлган одамлар «чарчай бошлаган». Улар Маск ўз роли чегарасидан чиқиб кетаётганини айтмоқда.

«У ўзини ҳам президент сифатида тутяпти ва ҳамманинг бундан хабари борлигига ишонч ҳосил қилмоқчи. У ўзини президентнинг ғалабасига катта ҳисса қўшган деб ҳисоблаяпти. America PAC ва Х ижтимоий тармоғи билан уни эшитишни истаган барчанинг олдида мақтанмоқда. У Трампни ўзининг олдида қарздор сифатида ҳис қилишига мажбурлаяпти. Президент ҳеч кимга, ҳеч нарсага мажбур эмас», — деган телеканал суҳбатдоши.

Трампнинг ўзи эса Маск ҳақида илиқ фикр билдирган. «Илон уйига кетишни истамаяпти. Мен ундан қутула олмаяпман». Конгрессменлар бу шунчаки ҳазил сифатида айтилганини таъкидлашган.

Бу орада икки йирик газета — Британиянинг The Guardian ва Испаниянинг La Vanguardia нашрлари Х ижтимоий тармоғини тарк этишини эълон қилган.

Икки нашр Твиттерни Илон Маск сотиб олгач бу ерда ботлар урчигани, фитна назариясига зўр берилаётгани ва тармоқда нафрат тили тобора авж олаётганини таъкидлаган.

«АҚШдаги сайловолди кампанияси Х токсик платформага айлангани ва унинг эгаси Илон Маск сиёсий дискурс яратиш учун ундан фойдаланганини кўрсатиб берди», — деган The Guardian нашри.

The Guardianʼнинг Х ижтимоий тармоғида 80 га яқин аккаунти ва 27 миллион обуначиси бор. La Vanguardiaʼнинг асосий аккаунтига 1,3 миллион обуначи ёзилган.

Конгресс ҳам республикачиларники

АҚШ сайловларида президентлик ва Сенатга сайловларда ғалаба қозонган республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди.

Associated Press томонидан эълон қилинган норасмий маълумотларга кўра, республикачилар Сенатда 53 ўрин ва Вакиллар палатасида 218 ўринга эга бўлган.

Ушбу овоз бериш натижалари туфайли Трамп АҚШ Конгрессида кўпчилик ўринни эгаллаган республикачилар билан бирга 2026 йилда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларга қадар мамлакат ҳукуматида кучли таъсирга эга бўлади.

Трампнинг президентлик пойгасида ғалаба қозонган 2016 йилги сайловда ҳам республикачилар Сенатда ҳам, Вакиллар палатасида ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритган эди.

Икки етакчи сиёсий кучдан иборат АҚШ Конгрессининг таркиби мамлакат сиёсий ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлиб, Америка президентининг фаолият доирасига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Президент бюджет тузиш, бирор жойга қўшин юбориш каби қарорлар ва ташқи сиёсат каби масалаларда Конгресс билан ҳамкорлик қилиши керак.

Мавзуга оид