Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил Ғазо секторида ҳарбий назорат тизгинини ўз қўлида сақлаб қолмоқчи. Исроил молия вазири Бецалел Смотрич гаровда ушлаб турилганларни озод этиш масаласидаги музокараларда силжиш йўқлиги туфайли ЦАҲАЛ Ғазо секторининг бутун шимолий қисмида ҳарбий бошқарувни ўз қўлига олиш бўйича ултиматум таклиф этди.
Бундай таклифлар фонида уруш якунланганидан сўнг аниқ режага эга бўлмаган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу чиндан ҳам Ғазо устидан ҳарбий назорат ўрнатиши мумкин. Бундан ташқари, Фаластин экславидаги ҳарбийлардан иборат манбалар Исроил армияси Ғазо шимолида фаолликни кучайтириб, янада каттароқ ҳудудларни қамал қилаётганини хабар қилишмоқда.
Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант аввалроқ Ғазо секторида Исроилнинг бошқаруви ҳалокатли бўлиши ҳақида фикр билдирган эди. У Ҳамасга ҳам, Исроилга ҳам бўйсунмайдиган назорат қилувчи кузатув органини тузишни таклиф этган эди.
Россияга ATACMS билан зарба
АҚШ Украина қуролли кучлари кеча Россия ҳудудига зарба беришда ATACMS тактик ракеталаридан фойдаланганини тасдиқлади.
Аноним қолишни маъқул билган Байден маъмурияти вакилининг айтишича, зарба Брянск областидаги қурол-яроғ омборига берилган. Учирилган саккизта ракетадан иккитаси уриб туширилган, деган у.
Россия томонининг хабарига кўра, учирилган ракеталар 6 та бўлган ва улардан бештаси уриб туширилган.
Украина қуролли кучлари бош штаби маълумотларига кўра, Украина чегарасидан 110 км олисликда жойлашган Брянск областидаги Карачев шаҳри яқинида жойлашган Россиянинг қурол-яроғ омборига зарбалар берилган.
Украина президенти Володимир Зеленский берган интервюсида шундай деган:
«Бизда узоқ масофаларга зарба бериш имконияти бор. Ўзимизда ишлаб чиқарилган узоққа уча олувчи дронлар бор. Узоқ масофани нишонга олувчи «Нептун»ларимиз бор ва уларнинг сони кўп. Энди бизда ATACMS ҳам бор. Буларнинг барчасидан фойдаланамиз».
Варшава декларацияси
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинига 1000 кун тўлиши муносабати билан Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Полша ва Франция ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот эълон қилишди.
Баёнотда улар Европада хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда Россия агрессияси қаршисида Украинани қўллаб-қувватлаш умумий содиқликни таъкидлаб ўтишди.
Ҳужжат Варшавада сешанба куни бўлиб ўтган йиғилиш якунларига кўра қабул қилинган. Йиғилишда Германия, Италия, Полша ва Франция ташқи ишлар вазирлари бевосита иштирок этишган. Буюк Британия бош вазири Дэвид Лэмми ва Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес видеоалоқадан қатнашган.
Қўшма баёнотда айни пайтдаги бош таҳдид сифатида «Россия тизимли равишда Европа хавфсизлик архитектурасига ҳужум қилаётгани» қайд этилган.
Вазирлар сўнгги 1000 кун ичида Россия ўзининг Украинага қарши агрессив урушида минглаб одамларни ўлдиргани ва халқаро ҳуқуқни кўплаб марта топтаганини ҳисобга олиб, келгусида ҳам Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам беришга тайёр эканликларини тасдиқлашган.
Доктринани ўзгартирган Путин
Россия президенти Владимир Путин агар Россияга баллистик ракеталар билан ҳужум қилинса, бунга жавобан ядровий зарба беришга изн берувчи ўзгартиришлар киритилган ядровий доктринани маъқуллади.
Янги доктринага кўра, оммавий қирғин қуроли Россияга ёки унинг иттифоқчиларига қарши ишлатилса, Россия бунга жавобан ядровий қурол билан жавоб бериш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, Россия ва Беларус суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигига критик таҳдид туғдирувчи оддий қуроллар билан агрессия қилиш ҳам ядровий зарбага сабаб бўлади.
Яъни Украина ядровий бўлмаган қуроллар билан Россияга ҳужум қилса ҳам бунга ядровий жавоб олиши мумкин.
«Россияга исталган ноядровий давлат томонидан ядровий давлат кўмагида ёки унинг иштирокида зарба берилса, бу уларнинг биргаликдаги ҳужуми, деб қабул қилинади. Бу ҳам жуда муҳим параграф», — деган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Брайан Николс Жо Байден Украинага Россия ичкарисига узоқ масофаларни нишонга олувчи қуроллар билан зарба беришга рухсат берганини расман тасдиқлади.
«Байден фойдаланишга изн берган қуроллар Украинанинг мудофаа имкониятларини оширади ва ишонамизки, Россияга эса Украина ҳудудларини куч билан эгаллашга уриниш муваффақиятсизликка учрашини тушунтириб қўяди», – деган Николс.
АҚШ ўз доктринасини ўзгартирмайди
Қўшма Штатлар Россиянинг ядровий тийиб туриш бўйича сиёсатидаги ўзгаришлар муносабати билан ўз ядровий доктринасига тузатиш киритиш зарурлигини кўрмаяпти.
Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши вакилига таяниб Bloomberg ёзди.
Манбага кўра, Москва бир неча ҳафта давомида ўзгариш ҳақида сигнал бериб келган ва АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти бундан «ҳайрон бўлмаган». Манба Москванинг ядро сиёсатидаги ўзгаришларни сўнгги икки йил давомида кузатилаётган «масъулиятсиз риторика»нинг яна бир мисоли деб атади.
Расмийнинг қўшимча қилишича, КХДР қўшинларининг Россияга келтирилишига жавобан Байден Киевга Американинг узоқ масофали ракеталарини қўллашга рухсат бериши «олдиндан маълум» бўлган.
Кремлнинг урушга изоҳи
Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан 1000 кун ўтгач, Кремл нега бу уруш Москва бошида режалаштирганидан кўп вақтни олганига изоҳ берди.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, махсус ҳарбий амалиёт — Кремлдагилар Украинага қарши урушни шундай аташади — «Киев режимига қарши бошланган эди, айни пайтга келиб НАТО иштирокидаги можаро кўринишида давом этмоқда».
Россия ҳокимияти Шимолий Атлантика алянсини Киевга қурол-яроғлар етказиб бераётгани учун анъанавий тарзда можаронинг тўғридан тўғри иштирокчиси деб атаб келади.
«Мана, нима учун операция кутилганидан бироз кўпроқ вақтни олди ва яна бироз чўзилади», — деган Песков Ҳиндистоннинг ANI телеканалига берган интервюси чоғида.
Россия урушни аслида қанча муддатга якунлашни режалаштирганига Песков аниқлик киритмаган.
Британиядан Путинга нома
Агар Россия президенти Владимир Путин Украинада муваффақиятга эришса, БМТ Низоми ўзининг аҳамиятини тўлиқ йўқотади. Бу ҳақда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украина бўйича олий йиғилишида таъкидлади.
«Агар Путин ютқазмаса, биз БМТ Низомида мустаҳкамлаб қўйилган принциплар ўз маъносини йўқотадиган оламга қадам босамиз ва чегараларимиз ҳимояси анча сусаяди», — деган Лэмми.
Лэммининг ҳисоблашича, «Путиннинг муваффақияти бошқаларни ҳам «империалистик уруш»га интилиш учун илҳомлантиради ва чоғлантиради».
Унга кўра, Россия Украинанинг энергетика инфратузилмасига зарбалар уюштириб, «Украинани зулматда қолдирмоқчи».
Россия 1000 кунлик урушда жуда кўп аскарларидан айрилди, шу сабаб Шимолий Корея ва Эрондан баллистик ракеталар кўринишида ёрдам ола бошлади, деган Британия вазири. «Бу ҳаракатларга қатъий жавоб қайтарилиши керак», — деган Лэмми.
Айни шу сабабли Буюк Британия Эроннинг миллий «Iran Air» авиакомпанияси ва IRISL кемачилик компаниясига санкциялар жорий этганини эслатиб ўтди.
«Менинг бугун Путинга жўнатадиган номам жуда оддий. Биз Россия агрессияси билан ҳар бир имконият туғилганда курашамиз», — деган Британия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.
Россияда доллар курси ошди
Россия Банки долларнинг расмий курсини 100 рублдан ошириб белгилади.
Россия Марказий Банки 20 ноябр куни АҚШ долларининг расмий курсини 100,03 рубл этиб белгилади. АҚШ долларининг расмий курси 2023 йил 10 октябрдан бери илк марта 100 рублдан ошди.
Таҳлилчилар валюта курсига таъсир этувчи асосий омиллар сифатида қуйидагиларни белгилашган:
Банклараро бозорда юаннинг мавжудлиги билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиши рубл курсига босим ўтказади, бунинг оқибатида у янада заифлашиши мумкин;
Нефт нархи ва экспорт даромадларининг барқарор оқими. Брент нефтининг нархи бир баррел учун 70-80 доллар бўлиши рубл курси учун нейтрал-қулай бўлади;
Бошқа омиллар, жумладан, импортчиларнинг трансчегаравий тўловлар билан боғлиқ қийинчиликлари туфайли капиталнинг чиқиб кетиши, Россияга хорижий инвестицияларнинг қисқариши, ички талаб ҳажми, импорт ҳажми ва уларнинг нархи ҳам рубл курсига таъсир ўтказмоқда.
Мавзуга оид
14:03 / 19.11.2024
Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирган Эрдўған, Эрон ядровий объектига зарбани тан олган Нетаняҳу ва Трампнинг мигрантлар бўйича режаси — кун дайжести
13:40 / 18.11.2024
«Ҳизбуллоҳ»нинг ҳалок бўлган матбуот котиби, Украинага рухсат берган Байден ва Трампдан норози мусулмонлар — кун дайжести
13:34 / 16.11.2024
Фаластин халқини қўллаган БМТ, Трамп билан гаплашган Зеленский ва Абхазиядаги намойишлар — кун дайжести
13:57 / 15.11.2024