Ўзбекистон | 15:29
654
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Покистон денгиз портлари орқали янги бозорларга кириш имконини ўрганмоқда

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон темирйўллари вазирининг биринчи ўринбосари, "Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон" лойиҳа офисининг ушбу мамлакат томонидан раҳбари Мазҳар Али Шаҳ билан учрашув ўтказди.

Фото: Дунё

Суҳбат чоғида минтақавий ўзаро боғлиқлик ташаббуси доирасидаги лойиҳалар, жумладан Трансафғон темирйўли лойиҳасини қуриш бўйича ишларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

"Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги олий даражали учрашувлар доирасида мамлакатингиз раҳбарияти билан бир неча бор учрашганмиз. Ўзбекистон етакчисининг минтақавий боғлиқлик ташаббуси ва унинг доирасида қурилиши ишлаб чиқилаётган Трансафғон темирйўли лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз", – деди вазир ўринбосари Мазҳар Али Шаҳ.

Покистон вакили, шунингдек, Трансафғон темирйўлининг қурилиши бир неча асрларга хизмат қилувчи, Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистоннинг биродар халқлари ўртасидаги тарихий ришталарни қайта боғловчи муҳим ва стратегик лойиҳа сифатида эътироф этди. Мазкур йўлак Покистон маҳсулотлари учун Ўзбекистон, Марказий Осиё, МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатлари бозорларига йўл очиши, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларига эса Покистон денгиз портлари орқали янги бозорларга кириш имконини бериши таъкидланди.

Учрашув давомида, шунингдек, икки мамлакат мутасадди вазирлик ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва кун тартиби ҳам кўриб чиқилди.

Мавзуга оид