Спорт | 10:44 / 06.07.2016
22254
4 дақиқада ўқилади

Португалия – Уэльс: Тахминлар баҳси (А.Абдураимов vs Э.Эрматов)

Аслида футбол тахминларни ёқтирмайди. Миллионлар ўйинининг бор жозибаси ҳам мана шунда бўлса керак. Чунки, ишқибозларга ўйин қандай ҳисоб билан якунланиши маълум бўлса, стадион томон ошиқмаган ёки телевизор орқали бериладиган трансляцияни орзиқиб кутмаган бўлар эди. Бизнинг қуйидаги тахминларимиз рақиб жамоаларнинг айни пайтдаги таркиби ва бошқа омиллардан келиб чиқиб келтирилган хулоса ва фаразлар холос. 
Таниқли футболчи ва мутахассис Азамат Абдураимов ҳамда спорт журналисти Элмурод Эрматов Евро – 2016 доирасидаги ярим финал баҳси олдидан ўз таҳлиллари билан ўртоқлашишди.

Португалия – Уэльс ким ғолиб бўлади?
Азамат Абдураимов, футбол мутахассиси, Осиё ўйинлари ғолиби:
- Бу қарама-қаршиликда  фаворитнинг ўзи  йўқ. Демак, имкониятлар - 50/50. Мутахассисларнинг фикрича, Португалия кўрсатаётган ўйин чемпионлик даражасида эмас. Уэльсга тўҳталадиган бўлсак, жамоа мусобақа давомида ўзига ҳос характер кўрсата олди. Крис Коулман шогирдлари ўйиннинг сўнги дақиқаларигача ғалаба учун курашиши эътиборга моликдир.  Уларда ўзгача ғолиблик руҳияти мавжуд. Жо Аллен ва Аарон Ремзи сингари иқтидорли футболчилар  Евро – 2016га ўзгача файз киритишгани ҳам бор гап.  Бейл эса ҳақиқий сардор.

Уэльснинг майдонда бор кучини бериб, шижоат билан асосийси, ёрқин  ўйнаётганига барчамиз гувоҳмиз.  Менга айниқса, терманинг Бельгия билан бўлган ўйиндан сўнг ўзларини қўллаб турган мухлисларга билдирган эҳтироми жуда ёқди. Уларнинг бу ҳаракатини бошқа термалар ҳам намуна сифатида қабул қилса яхши бўлар эди. Ишқибозлар ва футболчиларнинг бу даражадаги бирлиги таҳсинга лойиқ. Уэльс термаси майдонга ким учун ва не мақсадда тушаётганини жуда яхши билади. Бу жиҳат эса ғалаба учун катта куч беради. Мен мана шу жамоани финалда кўрсам ажабланмайман.

Элмурод Эрматов, спорт журналисти:

- Ҳар икки терманинг ярим финалгача етиб келгани бежиз эмас. Уэльс фавқулодда жанговар ўйин кўрсатиб натижага эришаётган бўлса, португаллар ҳам ҳимоя ҳам ҳужумда замонавий футбол намойиши орқали кучли тўртталикдан жой олди. Сантуш жамоасининг очилиб ўйнайдиган пайти ҳам етиб келди, чоғи. Жамоада бир қатор маҳоратли ижрочиларнинг борлиги уларнинг ярим финалдаги имкониятларини янада оширади. Мусобақа аввалида Ренату Саншешга ҳеч ким катта эътибор қаратмай келаётганди, бироқ футболчи европанинг гранд клуби бўлган “Бавария” бекорга унинг учун катта маблағ тўламаганини исботлади. Терма ўйиндан-ўйинга бор қирраларини очиб бормоқда. Ҳимояда тартибли ўйин кўрсатиб, қўққис қарши ҳужум тактикасини қўллаш иккита ўйинда самарасини берди. 

Баъзида бутун жамоа худди Криштиану Роналду учун ўйнаётгандек туюлади. Дарҳақиқат, Роналду майдонда катта ҳажмдаги ишни бажаради. Унинг таркибда тушишининг ўзи ҳам рақибларда хавотир уйғотиши аниқ. Бироқ, Нани, Пепе ва Элизеулар ҳам бор маҳоратини намойиш қилмоқда.Сантуш шогирдларининг мазмунли ва самарали ўйин кўрсатаётганини ҳисобга олиб уларни финалда тўп суришга ҳақлироқ деб биламан.        

Элмурод ЭРМАТОВ тайёрлади.
 

Мавзуга оид