Спорт | 19:11 / 24.08.2016
9022
6 дақиқада ўқилади

Шумахернинг “Формула-1”даги дебютига 25 йил бўлди

1991 йилнинг 23 августида Бельгиянинг “Спа-Франкоршам” трассасида у пайтлар катта аҳамият касб этмаган, бироқ келгусида спорт оламида муҳим ўрин тутган ҳодиса юз берди: Эдди Жордан жамоасининг яшил болиди рулига ёш немис пойгачиси Михаэль Шумахер ўтиради. 

Гашо ҳибсга олинади

22 ёшли Михаэлнинг дебюти бир неча воқеалар сабаб амалга ошган, улардан бири криминал билан боғлиқ: Бельгия Гран-присига саккиз ой қолганда “Формула-1” жамоасининг асосий пойгачиси Бертран Гашо дугонасининг “Альфа Ромео”сида Лондон таксиси билан тўқнашиб кетган. Зиддият давомида Гашо газ баллончасини олиб, таксичининг юзига қарата сепган ва бунинг натижасида суд олдида жавоб берган. Газ баллонини ноқонуний олиб юргани учун у 6 ойга озодликдан маҳрум этилган ва такси ҳайдовчисига ҳужум қилгани учун қўшимча 18 ой белгиланган. Суднинг сўнгги қарори пойгага бир ҳафта қолганда эълон қилинган ва жамоанинг эгаси Эдди Жордан қийин вазиятда қолган: энди у Гашонинг ўрнига тайинли пойгачини топиши лозим эди. 

“Мерседес”нинг пуллари

1991 йилда “Жордан” “Формула-1”да биринчи мавсумни ўтказаётганди, жамоанинг кучли ҳомийлари йўқлиги сабаб раҳбарият пули бор спортчини излашга қарор қилди. Дастлаб номзодлар рўйхатидан Дерек Уорик, Кеке Росберг ва Стефан Йохансонлар ўрин олишди, аммо тез орада “Мерседес”нинг одамлари Жордан билан алоқага чиқиб, улар ўз номзоди учун 150 000 фунт стерлинг таклиф қилишди. У пайтлар немис концерни “Формула-1”да таништирилмаган, лекин “Ц” гуруҳ спортотиплари пойгасида қатнашган бўлган – айнан шу “Ц” серияда компаниянинг энг яхши ёш иштирокчилари (Хайнц-Харальд Френтцен, Карл Вендлингер ва Михаэль Шумахер) иштирок этишган. “Жордан”да ўзини кўрсатиш имкони Шумахерга тақдим қилинди. 

Бельгия Гран-присига тўрт кун қолганда Михаэль янги жамоа билан Сильверстоунда қисқа синовлар ўтказган. 

 “У трассани бор-йўғи 20 марта айланиб чиққан бўлса-да, вақт бўйича энг яхши натижани кўрсатди”, - дея сўзлайди конструктор Гэри Андерсон. – “Унинг машинани назорат қилиши барчада катта таассурот қолдирган. Ўшанда у бор кучи билан мутлоқ тезликда ҳаракат қилганди”.

Юксак истеъдод

 “Жордан”да уларга жуда яхши пойгачи қўшилганини тезда англаб етишди, Бельгия трассасида ишончли иштирокига эса Шумахернинг қадрдон немис шаҳри Керпеннинг трасса яқинида жойлашгани ҳам сабаб бўлган.  

Пайшанба куни Гран-при олдидан Михаэль велосипедда трек билан танишиб чиқди. Жума куни эса ажойиб воқеалар содир бўла бошлади. 

“Жордан”да дастлаб техник носозликлар содир бўлган ва жамоа немис йигитига тажриба учун Андреа де Чезариснинг биринчи рақамли болидни беришга қарор қилган. Италияликнинг машинаси ҳам мукаммал бўлмаган – Чезарис “Бланшимон” бурилилишида автомобилнинг орқа қисми ҳаддан ташқари асабийлаша бошлаши ҳақида огоҳ қилган.

Шумахер ҳаттоки педаллари ҳам тайёрланмаган машина бошқарувига ўтирди ва вақт жиҳатидан шеригидан ўзиб кетди. У “Бланшимон”дан юқори тезликда ўтишга муваффақ бўлди. 

“Жордан” билан видолашув

Саралаш жараёнида Михаэль еттинчи натижани қайд этган (Чезарис 11-ўринни), машқда эса тўртинчи бўлган. Бироқ стартда Шумахернинг машинасида техник носозлик кузатилади ва пойганинг биринчи айланасидан кейин Шумахер учун мусобақа тугайди. Чезарис яхши иштирок этади ва иккинчи ўринга яқин келади, бироқ моторнинг ишдан чиқиши туфайли финишга уч айлана қолганда ўйиндан чиқишга мажбур бўлади. 

“Ўша куни Чезарис жуда яхши қатнашди ва ўйлашимча, бунда шеригига туртки берган Михаэлнинг ҳам ҳиссаси бор”, - дейди “Жордон” жамоасининг собиқ муҳандиси Тревор Фостер. “Агар Шумахернинг машинасида носозлик бўлмаганида у маррага етиб келарди”.

Шумахер пайдо бўлиши билан Чезарис ҳақиқатдан ҳам фаоллашди. Гран-придан кейин италиялик ўзининг қамоқдаги дўсти Гашога шундай деб ёзади: “Янги йигитга келсак – хавотир олма! Кейинги пойгада унгача етиб оламан!”

Бироқ етиб олишнинг уддасидан чиқмайди – бир ярим ҳафта ўтиб, дунё ағдар-тўнтар бўлиб кетди: “Бенеттон” жамоаси Шумахерга қизиқиб қолди, “Ф-1” промоутери Берни Экклстоун ёш немис йигитининг Германияга олтин олиб келиши мумкинлигини англаб етади. Экклстоун ва Бриаторе Михаэлни Жордандан тортиб олишга муваффақ бўлишди, зеро жамоа у билан оғзаки шартнома тузганди, буни тасдиқловчи ҳеч қандай ёзма далиллар бўлмаган. 

Италия Гран-присига озгина вақт қолганда Жордан Энстоундан факс олади: “Қадрли, Эдди. Афсус билан шуни маълум қиламанки, сизнинг кейинги пойгаларда иштирок этиш тўғрисидаги таклифингизни қабул қила олмайман. Ҳурмат билан, Михаэль”.

Бир йилдан сўнг Шумахер “Бенеттон”да ўз фаолиятидаги илк ғалабасини қўлга киритди, 1994 йилда эса инглиз-итальян компанияси билан биринчи чемпионлик унвонигача эришди. 

 

Мавзуга оид