Спорт билан шуғулланувчи энг ёши улуғ инсонлар
Югуриш, сузиш, йога, рақс ва ҳаттоки кроссфит – буларнинг барчаси билан истаган ёшингизда шуғулланишингиз мумкин, бунинг учун ўйлаб топилган чекловларни хаёлингиздан чиқариб ташласангиз, бас. Қуйида эътиборингизга ҳавола қилинадиган ҳикоялар – бунга яққол мисол бўла олади.
Ширли Уэбб 78 ёшида 100 килограммдан ортиқ тош кўтаради
Икки йил аввал иллинойслик Ширли Уэбб невараси билан бирга спорт залига қатнай бошлади. Ўша пайтда унинг полдан туриши учун стул ёки бирор бир таянч керак бўлган. Зинадан эса фақат суянчиқни ушлаб чиққан. Икки йил ўтиб эса, Уэбб бу икки ишни ҳам муваффақиятли бажараётгани ҳақида ғурур билан сўзламоқда. Буларнинг барчаси оғир атлетика бўйича мураббий Жон Райт туфайлидир, унинг шу пайтгача бундай ёшдаги шогирдлари бўлмаган. Ширлининг 90 килограммли штангани кўтариши учун ярим йил вақт керак бўлди.
Айда Херберт 76 ёшида йога бўйича инструкторга айланди
Айда Херберт 60-йилларда йога ҳақида эшитиб қолади. У пайтлар 50 ёшли аёл Торонтода истиқомат қилган, мактабда котиба бўлиб ишлаган ва мунтазам равишда “ўзи ёқтирмаган аэробика машқлари”ни бажарган. Бир куни эрталаб Айда спорт залида “асана”ни бажараётган аёлга кўзи тушади. Бу ташқаридан жуда ноодатий кўринади, шу сабаб Херберт унга қизиқиб қолади. У йога билан шуғуллана бошлади, шунинг баробарида бу мавзудаги адабиётларни ўрганишга киришади. Нафақага чиққандан сўнг Хербертлар жуфтлиги қиш мавсумини Флоридада ўтказа бошлайди ва ўша ерда Айда мураббийлик билан шуғулланади. Аёл ўзи севган машқларни бошқа хоҳловчиларга бепул ўргатади. Кейинчалик Айда йога бўйича инструктор сертификатини қўлга киритади. 2012 йилнинг куз ойларида 96 ёшли Айда Херберт йога бўйича энг ёши улуғ инструктор сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
Робер Маршан 67 ёшида велоспортга қайтди
Робер Маршан — 35 ёшида (1946 йил) Grand Prix des Nations’да еттинчи ўринни эгаллаган француз велопойгачиси. У спортга 1978 йилда қайтди ва шу кунларга қадар буни канда қилмайди. 2012 йилнинг февраль ойида Робер Маршан “100+” ёш таснифида жаҳон рекордини ўрнатди: у бир соатда 24 250 метрлик масофани босиб ўтди. 2014 йилда 102 ёшли спортчи ўз натижаларини 26 927 метрга янгилади.
Жеффри Лайф 59 ёшида спорт билан шуғуллана бошлаган
Жеффри Лайф 1997 йилда ортиқча вазнга эга, соғлиғи тобора ёмонлашиб бораётган 59 ёшли оилавий шифокор бўлган. Пойафзал боғичларини боғлаш у учун муаммога айланганди, нафас олиши оғирлашиб, қорни катталашиб борарди, мушак ва бўғимлари оғриқдан азоб чекарди. Кунлардан бир кун Лайф фитнес журналида Body-for-LIFE танлови ғолиби ҳақидаги мақолани ўқиб қолади ва ўз танаси билан шуғулланадиган вақт келганини англаб етади. Тўғри парҳез ва жисмоний машқлар туфайли Жеффри 60 ёшида худди ўша Body-for-LIFE танловининг чемпионига айланади. Ҳозир Жеффри 77 ёшда, шунга қарамай, у жисмоний жиҳатдан айнан етук паллада. У ҳафтада беш марта спорт залига боради, соғлом турмуш тарзига оид учта китоб ёзди ва шифокорлик амалиёти билан шуғулланишда давом этмоқда. 2012 йилда у Men’s Fitness журналига кўра, спорт билан шуғулланувчи дунёнинг энг кўркам 25 эркаги рўйхатидан ўрин олган.
Патрисия Фужи 84 ёшида югуришда давом этмоқда
Агар “югуриш учун энди кеч” деб ҳисобласангиз, Патрисия Фужига бир қаранг! У 66 ёшида югуриш билан шуғуллана бошлади. Ҳаттоки 2008 йилда унга қўйилган сут безлари саратони ташхиси ҳам Патрисияни тўхтата олмади. У “50+” ёш таснифидаги 50, 100 ва 200 метрли масофага югуриш бўйича Senior Olympics мусобақаларида бугунги кунгача иштирок этиб келмоқда.
Инсонга илҳом бағишловчи мисоллар жуда кўп. Асосийси – ўзингизни муддати чекланган буюмдек ҳис қилишни бас қилинг ва бундай хаёлларга йўл қўйманг. Сизнинг ёшингизда спорт билан шуғулланиш мумкин эмас, деб ким айтди? Шуғулланиш мумкин. Шундай экан, соғлом ҳаёт тарзи томон олға!
Мавзуга оид
15:24 / 04.12.2024
Спорт одамлар умрини беш йилга узайтириши мумкин — тадқиқот
15:25 / 21.11.2024
Ҳатто спорт ёрдам бермаслиги мумкин: узоқ вақт ўтириш юрак касалликлари хавфини ошириши аниқланди
14:36 / 07.11.2024
Таълим муассасалари ўқув дастурига ўқотар қуроллар тактик-техник тавсифлари амалий машғулотлари киритилади
20:22 / 21.10.2024