Жаҳон | 08:50 / 23.09.2016
4884
2 дақиқада ўқилади

Шарлоттда комендантлик соати жорий этилди

АҚШнинг Шимолий Каролина штатида 3 кундан буён тартибсизликлар давом этаётган Шарлотт шаҳрида комендантлик соати жорий этилди. Бу ҳақда шаҳар мэриясининг твиттердаги расмий саҳифаси орқали маълум қилинган.

"Фавқулодда вазият расман бекор қилингунича ҳар куни комендантлик соати тартиби амалда бўлади", дейилган хабарда.

Қайд этилишича, комендантлик соати ярим тундан эрталабки соат 6гача жорий қилинган.

Бундан олдинроқ, 22 сентябрь куни Шарлоттдаги намойишлар вақтида намойишчиларнинг бири ўққа учишидан кейин фавқулодда вазият эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.

Шимолий Каролинада 20 сентябрь куни полициячи кўчада қуролсиз афроамерикаликни отиб қўйганидан кейин норозилик намойишлари бошланиб кетди. Полиция ҳисоботида шаҳар шимоли-шарқида ўтказилаётган рейд вақтида шубҳали шахс қурол кўтариб келаётгандек тасаввур уйғотгани учун "полиция офицери ҳаётига туғилган хавфни бартараф этиш" мақсадида ўт очилгани қайд қилинган.

Кейинроқ, ўлдирилган шахс 43 ёшли қора танли Кейт Ламонт Скотт бўлгани ва унинг ёнида қурол бўлмагани аниқланди.

Мавзуга оид