Жаҳон | 17:29 / 01.11.2016
17499
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти Путиннинг сўнгги саммитдаги сўзларини эслатиб ўтди

Фото: © РИА Новости

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Россия Федерацияси президенти Владимир Путинни 26-27 ноябрь кунлари Туркманистонда БМТ шафелигида бўлиб ўтадиган транспорт бўйича глобал конференцияда иштирок этиш учун таклиф қилди. Бу ҳақида РИА "Новости" хабар берди. 

"Дунёда рўй бераётган воқеаларга иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, эҳтимол, рақамлардаги кўрсаткичларимиз бироз тушгандир, лекин сўнгги йилларда биз мувозанатни (экспорт-импорт) яхши сақлаб турибмиз", - деди Туркманистон президенти Путин билан учрашуви чоғида. 

У ҳукуматлараро комиссия иши катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. "Сизда ҳам, бизда ҳам имкониятлар кўп. Мен ҳатто ёдингизга солмоқчиман — Астрахандаги охирги учрашувимиз ёдингиздами — иқтисодий форум тузиш ёки логистика маркази яратиш ғояси пайдо бўлганди. Фикримча, сиз ҳам транспорт ва транзит коридорларни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратасиз", - деди Бердимуҳаммедов. 

У Путин ушбу ғояларни қўллаб-қувватлаганини ёдга солди ва бу масала икки мамлакатнинг иқтисодий тузилмалари ривожида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. "Фурсатдан фойдаланиб, сизни 26-27 ноябрь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиладиган глобал конференцияга таклиф қиламан", - деди Туркманистон президенти. 

Бундан ташқари, Туркманистон президентининг сўзларига кўра, икки мамлакат олимлари қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорлик қилиб келишади. "Сўнгги 5 йил давомида биз нафақат ўз мамлакатмизни яхши ҳосил билан таъминлаяпмиз, балки уларнинг экспортини ҳам йўлга қўйдик. Бундай мисоллар кўп. Фурсатдан фойдаланиб, кейинги йил Ашхабодда илмий-технологик форум ўтказишни таклиф қиламан", - деди у. 

Ўз навбатида, РФ президенти Владимир Путин таклифлар учун миннатдорчилик билдирди ва уларни кўриб чиқишга ваъда берди. Юқорида тилга олинган соҳалар нафақат Туркманистон, балки Россия учун ҳам муҳим эканлигини таъкидлади. 
 

Мавзуга оид