Спорт | 16:21 / 22.11.2016
6959
6 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ. Интрига сақланиб қолаётган гуруҳ – 2 йўлланма, 4 даъвогар

Фото: twitter.com/@ChampionsLeague

Икки ҳафталик танаффусдан сўнг  клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир Европа чемпионлар лигаси баҳслари давом эттирилади. Е, F, G ва Н  гуруҳлари сешанба куни ўз учрашувларини ўтказади. 5-тур учрашувлари кўп масалаларга ойдинлик киритиб бериши кутилмоқда.

Tribuna.uz сайти ўйинлардан олдин гуруҳлардаги вазиятларни таҳлил қилган.

Турнир жадвали. «Е» квартетида гуруҳ босқичи тугашига икки тур қолганда вазият ҳамон чигал бўлиб турибди. Гуруҳ босқичидан чиқиш учун барча тўртта жамоада ҳам имкониятлар мавжуд. Масалан ЦСКА сўнгги икки учрашувда ғалаба қозонган тақдирда плей-офф йўлланмасини нақд қилиши мумкин. Лекин москваликлар учун муаммо шундаки қолган учала жамоа ҳам чемпионлар лигаси мадҳиясини баҳорда майдонга тушган ҳолда эшитишни истайди.

ЦСКА – Байер (Тошкент вақти билан 22:00, трансляция Матч ТВ)

Жорий йил тақвими бўйича Москвадаги сўнгги ўйин. Ноқулай об-ҳаво шароитида кечиши кутилаётган учрашувда мезбонлар ЦСКА плей-офф босқичи йўлланмаси учун сўнгги имкониятидан фойдаланиб кўради. Сўнгги вақтларда футболдан ташқарида кўпроқ номи чиққан жамоа учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлиб турибди.

4-турдан кейин Слуцкий шогирдлари 2 очко билан сўнгги ўринда бормоқда. «Байер» - ҳозирча иккинчи ўринда. Леверкузенликлар учун ғалаба деярли кейинги босқич масаласини ҳал қилишига сабаб бўлади. ЦСКА ғалаба қозонган тақдирда плей-офф йўлланмаси учун имкониятларини сақлаб қолиши мумкин.

Ўйин олдидан. Юқорида айтганимиздек ЦСКА  Россия чемпионатида ўтган турда Туланинг «Арсенал» жамоасини кичик ҳисобда мағлубиятга учратиб, узоқ давом этган ғалабасиз серияга якун ясади. «Байер» эса сўнгги тур учрашувида мавсумнинг ҳақиқий сенсациясига сабаб бўлаётган «Лейпциг»га ўз уйида имкониятни бой бериб қўйди – 2:3.

Йўқотишлар. ЦСКА анча олдин Роман Ерёменко хизматидан фойдалана олмай келаётганди. Ўтган ҳафтада финляндиялик футболчи расман икки йилга футболдан четлатилгач, москваликлар футболчидан фойдаланишни бутунлай унутишди. Шунингдек жароҳатини тиклаш учун узоқ вақт сарфлаган Алан Дзагоев ниҳоят машғулотларга киришди. Бироқ унинг спорт формаси яхши эмаслигини ҳисобга олсак, бу учрашувда Слуцкий етакчи яримҳимоячи хизматидан фойдаланишни сўроқ остида қолдирмоқда. «Байер»да эса таркиб бўйича барчаси нормал ҳолатда.

Тахминий таркиблар:

Имкониятлар. Букмекерлар Германияда кечган биринчи учрашувда дуранг натижа қайд қилинган бўлишига қарамай, бу учрашувда «Байер»ни фаворит санашмоқда. «Аспиринчилар»  ғалабаси турли контораларда 2.10 - 2.30 коэффициентлар атрофида баҳоланган.

Монако – Тоттенҳэм (00:45 , Матч! Футбол 2)

Сентябрда мухлислар билан тўлиб-тошган «Уэмбли»да бўлиб ўтган учрашувда «Монако» барча тахминларни йўққа чиқариб – 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Навбатдаги тўқнашув камтаргина 18 минг томошабинга мўлжалланган «Луи II» стадионида бўлиб ўтади.

4 турдан кейин «Монако» 8 очко тўплаган ҳолда 1-ўринда бормоқда. Кейинги босқичга чиқиш учун энг яхши имкониятга эга бўлиб турган монегаскликларни «Тоттенҳэм»га қарши учрашувда дуранг натижа ҳам мусобақанинг баҳорги қисмида иштирок этишини кафолатлайди. Бироқ 1-ўрин учун курашда ғолиб келиш учун ҳам бу учрашувда ғалаба қозониш шарт. «Тоттенҳэм» «Уэмбли»да ўтказган иккита ўйинида тўплаган бир очкоси ва Москвадаги ғалабаси билан 4 очко тўплаган ҳолда 3-ўринда бормоқда. Монакода қўлга киритиладиган ғалаба жамоа учун яхши имкониятни тақдим этиши мумкин. Чунки жамоа сўнгги турда ЦСКАни (ҳаттоки «Уэмбли»да) мағлубиятга учратишда катта муаммога дуч келмаса керак.

Ўйин олдидан. Князлик жамоа ҳозирда фантастик формага кирган. Франция чемпионатида ўтган сўнгги уч учрашувда монегасклар максимал очко жамғаришди. Аҳамиятлиси улар бу учрашувларда жами 12 тўп киритиб бирор марта ҳам ўз дарвозасидан тўп олиб чиққани йўқ. Айни вақтда «Монако» Европада энг кўп гол киритган жамоа бўлиб турибди. «Реал», «Барселона» ва «Манчестер Сити» каби сермаҳсул жамоаларни ортда қолдираётгани таҳсинга сазовор. Тўрт марта  давом этган дуранглар сериясидан кейин ниҳоят ўтган турда Маурисио Почеттино шогирдлари Ҳарри Кейннинг сўнгги дақиқаларда киритган иккита голи эвазига «Вест Ҳэм»дан устун келди – 3:2. Бу ғалаба жамоанинг барча мусобақалардаги жами 7 сериядан иборат ғалабасиз сериясига якун ясади.

Йўқотишлар. Афсуски жамоалар бу ўйинда оптимал таркибда ҳаракат қила олишмайди. Леонарду Жардим Жоау Моутиньо хизматидан фойдалана олмаса, Маурисио Почеттино бундайларнинг салмоғи кўпроқ — Тоби Алдервейрелд, Бэн Дэвис ва Эрика Ламела жароҳатлардан қутулиш билан овора.

Тахминий таркиблар

Имкониятлар. Букмекерлар иккала жамоанинг имкониятларини деряли тенг баҳоламоқда. Мезбонлик эвазига Жардим шогирдларига ишонч бироз юқори. Мисол тариқасида конторалардан бири «Монако» ғалабасига 2.62 коэффициент бераётган бўлса, «Тоттенҳэм» ғалабаси учун ставка 2,97ни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид