Спорт | 09:51 / 23.11.2016
4721
2 дақиқада ўқилади

«Севилья» бош мураббийи: «Ювентус»га ютқазишимиз ноҳақлик бўлди

«Севилья» жамоаси устози Хорхе Сампаоли Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 5-турида «Ювентус»га қарши кечган ва 1:3 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган ўйиндаги ҳакамлар ишига норозилик билдирди.

Англиялик ҳакам Марк Клаттенбург биринчи бўлим вақтида, ҳисоб мезбонлар фойдасига 1:0 кўринишидалигида мезбонлар вакили Франко Васкесга иккинчи сариқ карточка кўрсатиб, уни майдондан четлатди. Кейинроқ эса испанлар дарвозасига пенальти белгилади. Иккинчи бўлимда эса арбитр билан тортишгани учун Сампаолининг ўзи четлатилди.

«Ҳакам мени четлатгани тўғри, чунки мен унинг қарорларига кескин тарзда норозилик билдирдим. Бу аламли кеча эди, ахир биз ғалаба қозониб тургандик ва плей-офф масаласини шу ўйиндан кейиноқ ҳал қилишимиз мумкин эди. Бу баъзи омиллар туфайли рўй бермади.

Биз ўйинга барча кучимизни бердик, аммо якунда бундан ҳеч иш чиқмади. Айтиш мумкинки, ўн киши бўлиб қолганимиз туфайли ютқаздик. Учрашувнинг охирида биз ўйинни рақибга топшириб қўйдик.

Афсуски, биз ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Мен ҳисоблайманки, бу ўйинни бой беришимиз адолатдан бўлмади. Клаттенбургнинг ҳаракатларими? Буни баҳолаш менинг ишим эмас», — дея аргентиналик мураббий сўзларини келтирган Football Italia.

Мавзуга оид