Жаҳон | 08:14 / 24.11.2016
9950
4 дақиқада ўқилади

Обама ўз лавозимида сўнгги марта куркани "афв этди"

Фото: © AP

АҚШ президенти Барак Обама 23 ноябрда мамлакат раҳбари сифатида сўнгги марта Шукроналик куни арафасида куркани "афв этиш" қадимий миллий анъанасини бажо келтирди. 

Маросим Оқ уйнинг Пушти боғида ўтказилди. Унда бир неча ўн киши иштирок этди ҳамда 10 дақиқача давом этди. Обама меҳмонлар олдига икки ўғил бола жияни билан чиқди. Обама кейинроқ унинг қизлари Малия ва Саша маросимда иштирок этиша олмагани, шунинг учун унда жиянлари Остин ва Аарон Робинсонлар иштирок этаётганини маълум қилган. Обама "бу болакайлар Малия ва Саша каби Вашингтонга беписанд қарамайдилар" деб ҳазиллашган.

Обама нутқи давомида бир неча марта ҳазил оҳангдан жиддий оҳангга ўтган ва яна аксинча йўл тутган. У жумладан "АҚШ президентлари авлодлар давомида икки анъанага – Шукроналик кунини эълон қилиш ва ҳаётда иккинчи имкониятни олишга умид қилаётганларни афв этишга амал қилиб келганларини" айтди. "Биз бу ҳафтада унисини ҳам, бунисини ҳам қилдик" деб айтган Обама майда жиноятларни амалга оширган кўплаб жиноятчиларнинг афв этилганини кўзда тутиб.

"Бу йилда биз шукур айтишимизга сабаблар кўп", деб айтган Обама ва шу муносабат билан мамлакатда янги иш ўринлари яратилгани, бандлик даражасининг ошгани, иқтисодиётнинг тикланаётганини эслатиб ўтган. 

Бу орада эса Тот лақабли курка ўтлоқ устида "гердайганча" сайр қилиб юрган. Сўнгра курка махсус яратилган шоҳсупага чиқарилиб, Обама уни "афв этган". Яқин орада эса Тэйтор лақабли яна бир курка бўлган. Обаманинг айтишича, бу куркага "Тот ўз мажбуриятларини бажаришдан воз кечадиган бўлса, бу мажбуриятлар унга ўтадиган вице-курка" вазифаси топширилган.

Икки курка ҳам Айова штатида боқилган. Энди улар "пенсияга" чиқадилар ва Виргиния штатининг Технологик университетига жўнатиладилар. Куркаларни у ерда талабалар ва ветеринарлар парвариш қиладилар.

Обама Пушти боғдаги маросимдан кейин турли урушлар фахрийлари яшайдиган қариялар уйига ташриф буюриб, у ерда рафиқаси Мишель ва қизи Саша билан шахсан ўзи қарияларга байрам таомидан тортиқ қилган.

АҚШда Шукроналик куни ноябрнинг 4-пайшанбасида нишонланади. Жорий йилда у 24 ноябрга тўғри келмоқда. 

Бу анъана ва курканинг байрамона дастурхонга тортилиши 1621 йилга бориб тақалади. Ўшанда биринчи кўчманчилар Массачусетс штати ҳудудида яшаган ҳиндуларни ҳосил учун Тангрига биргаликда шукроналар айтишга таклиф этишган. Ҳиндулар кўчманчиларга улар аввал кўрмаган қушни совға сифатида олиб келишган. Шундан кейин бу қуш курка (индейка) деб атала бошлаган. Ўшандан бери курка ушбу байрамнинг ажралмас қисми бўлиб келади. Ушбу байрам 1863 йилда Авраам Линкольн президентлиги вақтида миллий байрам мақомини олган.

 

Мавзуга оид