Жамият | 11:11 / 28.11.2016
16995
2 дақиқада ўқилади

Ер юзасидан 1000 километр чуқурликда уммон топилди

Фото: NASA / Wikipedia

Халқаро геофизиклар жамоаси пастки мантиянинг юқори қатламида таркибида сув бўлган суюқликлар борлигига тўғридан-тўғри исбот топишди. Бу Ер юзасидан минг километр чуқурликда жойлашган, деб хабар қилади New Scientist.

Олимлар тахминан 90 миллион йил аввал, Ер юзасига ҳозирги Бразилиядаги Сан-Луис дарёси яқинида вулқон отилиши натижасида чиқариб ташланган олмосни таҳлилдан ўтказишди. Минерал инфрақизил микроскопия ёрдамида аниқланган.

Олмоснинг оралиқ қисмларида жойлашган бегона нарсалар, унга эҳтимолий сув билан тушган гидроксиль ионлар билан боғлиқдир. Тадқиқот давомида унинг кимёвий таркиби ҳам аниқланди. Маълум бўлишича, уларнинг асосий қисми феррипериклаздан (магнезиовюстит) иборат экан.

Феррипериклаз темир ва магний оксидларидан таркиб топиб, ўта юқори ҳарорат ва босимда хром, алюминий ва титанни ўз ичига қабул қилиб юбориши мумкин. Шу билан бир қаторда, минералда ушбу қўшимчалар топилмади. Бу эса муаллифларга олмос деярли минг километр чуқурликда пайдо бўлгани ҳақидаги фикрни билдиришларига туртки берган.

Олимларнинг тадқиқоти сайёрада сувнинг пайдо бўлишини тушунтириб беришда муҳим ўрин тутади. Муаллифларнинг таъкидлашича, улар илк бор шундай чуқур мантия қатламида сув борлигига исбот топишган.

Аввалроқ, коматит ва оливитни ўрганиб чиққан мутахассислар Ер юзасидан 410-660 километр чуқурликда тахминий ёши 2,7 миллиард йил бўлган уммон борлиги ҳақида маълум қилишганди. Унинг ҳажми Жаҳон океанларидан бир неча баробар катта экани хабар берилди.
 

Мавзуга оид