Жаҳон | 19:22 / 09.12.2016
21492
2 дақиқада ўқилади

Олимлар Тибетдаги йирик табиий офат ҳақида хабар беришди

Фото: Damir Sagolj / Reuters

Тибетнинг ғарбий қисмида жуда ҳам йирик кўчкининг тушиши иқлим ўзгариши сабаб юз берди. Унинг оқибатида тўққиз нафар чўпон ҳалок бўлганди, деб хабар берган Оҳайо штати Университети ва Хитой фанлар академияси олимлари. Уларнинг тадқиқоти ҳақида EurekAlert! нашри ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тибетдаги Ару музлигидан 2016 йилнинг 17 июль куни 70 миллион тонна муз ажралиб, пастдаги водийга қулаган. Олимларнинг сўзларига кўра, кўчки атиги тўрт-беш дақиқа ичида содир бўлган, бироқ унинг остида водийнинг деярли 10 квадрат километр майдони қолиб кетди. Ажраган музликнинг юқори тезликда тушиши тоғ этаги эриган қор сувлари билан тўлиб кетгани, у эса кучли ишқаланишга сабаб бўлгани билан боғлиқ.

Тадқиқотчилар водийга тушган музлар миқдорини аниқлаш учун йўлдошлар орқали олинган маълумотларни таҳлил қилишди. Улар кўчкини компьютер дастури ёрдамида моделлаштиришди. Натижаларга кўра, айнан эриган қор сувларининг борлиги ҳалокатга туртки берган. Шунингдек, Аруда сўнгги 50 йил ичида ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 1,5 даражага ўсгани туфайли музликнинг ўзи ҳам эриган бўлиши мумкин.
 

Мавзуга оид