Жаҳон | 15:07 / 20.12.2016
6848
2 дақиқада ўқилади

Синдзо Абэ 2017 йилнинг бошида Россияга ташриф буюрмоқчи

Фото: AP

Япония бош вазири Синдзо Абэ келаси йилнинг бошида Россия Федерациясига (РФ) ташриф буюришни режалаштирмоқда. Kyodo агентлигининг хабар беришича, у Токиодаги нутқи давомида ана шундай баёнот билан чиққан. 

"Мен икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада яхшилаш учун қулай фурсатдан фойдаланмоқчиман, - деди у. - Иқтисодий муносабатларни ривожлантириш маълум бир вақт талаб қилувчи тинчлик музокаралари масаласини ҳал қилишдаги қисқа йўлдир". 

РФ президенти Владимир Путин 15-16 декабрь куни расмий ташриф билан Японияда бўлди ва мамлакат бош вазири билан музокаралар ўтказди. Абэ ташриф натижаларини юқори баҳолади. Хусусан, у Россия президенти билан ўтказилган музокаралар тинчлик шартномаси томон қўйилган муҳим қадам бўлганини таъкидлади. 

Россия ва Япония ўтган асрнинг бошидан буён Иккинчи жаҳон уруши натижалари бўйича тинчлик шартномасини тузиш борасида музокаралар олиб боради. Бу йўлдаги асосий тўсиқ эса Курил оролларининг жанубий қисми борасидаги баҳслардир. Уруш тугаганидан кейин Курил архипелаги тўлиқ СССР таркибига қўшилган. Бироқ Япония у ердаги Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи оролларига даъвогарлик қилиб келади. 

Мавзуга оид