Жаҳон | 15:45 / 22.12.2016
30796
3 дақиқада ўқилади

Туркия томони Карловнинг қотили нега тириклай қўлга олинмаганига изоҳ берди

Туркия прокуратураси Анқарада Россия элчисини ўлдирган полициячи нега тириклай қўлга олинмаганига изоҳ берди. Бу ҳақда Туркия давлат ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Россия элчиси Андрей Карлов 19 декабрь куни Анқарадаги фотокўргазма очилиши маросими вақтида ўз ортида турган соқчи қиёфасидаги қотил томонидан отиб ташланди. Полициячилар тез орада қотилнинг ўзини йўқ қилди. Туркия ҳукумати қотилнинг шахсини маълум қилган, қотилликни содир этганидан кейин "Ҳалабни унутманглар" дея ҳайқирган бу йигит 22 ёшли полициячи Мавлуд Мерт Олтинтош эди.

Россия ва Туркия бу ҳужумни икки давлат муносабатларига зарар келтириш йўлидаги ҳийла деб баҳолади. Икки давлат шу ҳафтада Сурия масаласида келишувга эришиши кутилаётганди. 

Anadolu агентлиги прокурорнинг қотил махсус хизмат вакиллари томонидан қўлга олинмаганига берган изоҳини келтирган.

Аввало, у қуролини ташлаб, таслим бўлиш ҳақида ўйламаган ва "Мени бу ердан тирик ҳолда олиб чиқа олмайсиз!", деган. Полициячилар Олтинтошнинг оёғига ўқ узган, аммо у ерда ётган ҳолида ҳам ўт очишда давом этган.

Туркия раҳбари Эрдўған полициячиларнинг ҳаракатини оқлаган.

"У тириклай қўлга олинмагани учун баъзи тахминлар пайдо бўлмоқда. Лекин ўйлаб кўринг, Бешиктошда нима бўлди. Террорчини тириклай қўлга олмоқчи бўлишганида у ўзини портлатди ва кўп қурбон берилди", дея у декабрь ойи бошида "Бешиктош" стадиони яқинида содир бўлган воқеани эслатган.

Ўшанда теракт оқибатида 44 киши ҳалок бўлиб, 150дан ортиқ киши жароҳатланганди.

Anadolu агентлиги бироз аввалроқ, Россия элчиси қотилининг 11 нафар қариндоши қўлга олиниб, сўроққа олиб кетилгани ҳақида маълум қилганди. Кейинроқ, қотилнинг ота-онаси, сингиллари ва амакилари бўлган 6 киши терговдан кейин қўйиб юборилгани ҳақида билдирилди.

Туркия томони бу суиқасд мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гулен билан боғлиқлигини иддао қилмоқда.

Кремль чоршанба куни бу қотиллик ортида ким тургани ҳақида хулоса қилишга эрта эканини билдирди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков бу қотилликни Туркиянинг нуфузига яна бир зарба бўлганини айтиб ўтди.

Мавзуга оид