Жамият | 18:43 / 25.12.2016
32736
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар Россия совуғида 6 кун бузилган автобус ичида қолиб кетишди

Россиянинг Ростов-Дон шаҳридан Тошкентга келаётган йўловчи автобуси Саратов яқинида бузилиб қолган. Автобусда ўзбекистонлик 43 киши бўлган. Одамлар транспорт компаниясига телефон қилиб, йўл четида 6 кун ёрдам кутиб ўтиришган. Бироқ автобус эгалари вакилларидан ҳеч ким пайдо бўлмаган.    

"Баъзи йўловчилар қутқарувчиларга мурожаат қилишни таклиф қилишган, бироқ ҳайдовчилар қандайдир сабабларга кўра уларни бу фикрларидан қайтарганлар. Кейинроқ маълум бўлишича, баъзиларнинг рўйхатдан ўтиш муддати ўтиб кетган бўлган. Охир-оқибат солярка ва егулик тугаганда ҳамма таслим бўлган. Биз келганимизда кўпчилик йўловчилар совуқ уриш ёки музлаб қолиш хавфи остида бўлганлар", деб маълум қилди Саратов патрул-пост хизмати ходимлари. 

Йўловчилар орасида 24 ёшли ҳомиладор қиз ҳам бўлган. У юқори ҳарорат ва очиқ қон кетиши билан шифохонага олиб кетилган. Бўлғуси онанинг ёнида умуман пули бўлмаган ва унга керакли дори-дармонларни йўл полицияси ходимлари сотиб олиб беришган.

Оч-наҳор ва совқотган ўзбекистонликларни маҳаллий кафеда қорниларини тўйғазиб, вокзалда бошпана беришган. Айни вақтда барча йўловчилар уйларига қайтмоқдалар. Транспорт компанияси вазиятни ҳал қилиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.
"Бузилган автобус ҳали ҳам ўша жойда турибди. Уни тузатишнинг иложи йўқ, чунки у эски моделдаги автобус бўлиб, керакли эҳтиёт қисмлар ҳеч қаерда топилмаган", деб айтилди хабарда.

 

Мавзуга оид