Спорт | 20:11 / 10.01.2017
8471
2 дақиқада ўқилади

ЖЧнинг янги формати учун 4 вариант кўриб чиқилган

Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 48тага етказиш қарори 4 вариант ичидан танланган. Бу ҳақда ФИФА расмий сайтида маълум қилинди.

Бугун ФИФА кенгаши бир овоздан 2026 йилги мундиалдан бошлаб иштирокчилар сонини ҳозирги 32тадан 48тага етказиш ҳақида қарор қабул қилди.

"ФИФА жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 2026 йилда 48тага етказиш бўйича бир овоздан қарор қабул қилди. Кенгаш Цюрихдаги ФИФА уйида 9-10 январь кунлари йиғилиш ўтказди ва 48 терма жамоа 3тадан бўлиб 16 гуруҳни ташкил қилиши ҳақида қарор қабул қилди. Гуруҳлардан 2тадан жамоа кейинги босқичга ўтади ва плей-оффда 32 иштирокчи бўлади.

Турнирнинг янги формати шундай тузиладики, дам олиш кунлари финалга қадар қисқартирилмайди. Финалгача аввалги каби 7та ўйин ўтказиш керак бўлади. Турнир ўтказиладиган кун 32 кун бўлади ва клублар бу кунларда ўз футболчиларига рухсат беради.

Қарор чуқур таҳлиллардан сўнг, 4та вариантни ўз ичига олган ҳисобот асосида қабул қилинган. Тадқиқотларда спортча баланс, рақобат, футбол тараққиётига таъсир қилувчи омиллар, инфратузилмалар, молиявий прогнозлар ва бошқа эҳтимолий оқибатлар ҳисобга олинган. ФИФАнинг кейинги мажлисида турнир формати бўйича батафсил маълумотлар, жумладан, конфедерацияларга қанчадан ўрин ажратилиши маълум қилинади.

ФИФАнинг 2016 йил октябрида ўтказилган мажлисида турнир форматини ўзгартириш сценарийси муҳокама этилган. Жараён 2020 йилгача давом эттирилади.

ФИФАнинг кейинги мажлиси шу йилнинг 9 май куни Баҳрайндаги Манама шаҳрида бўлиб ўтади".

Мавзуга оид