Жаҳон | 11:57 / 17.01.2017
15393
1 дақиқада ўқилади

Бишкекдаги авиаҳалокат қурбонлари сони ошди

Туркиянинг Boeing 747 самолёти Бишкекнинг Манас аэропорти яқинига қулаган жойда топилган жасадлар сони 38 нафарга етди. Бу ҳақда Қирғизистон бош вазири ўринбосари Муҳаммадқали Абулғозиевга асосланиб, ТАСС хабар тарқатган.

"Бугун яна бир жасад аниқланди. У экипаж аъзосиники. Шу тариқа, авиаҳалокат қурбонлари сони 38 нафарни ташкил қилмоқда", деган у.

Унинг сўзларига кўра, қидирув ишлари "ҳудудда жасадлар қолмагани аниқ бўлмагунича" давом эттирилади.

Бундан олдинги хабарларда қурбонларнинг 17 нафари болалар бўлгани айтилганди.

16 январь куни тонгда Бишкекнинг «Манас» аэропортидан бир неча километр масофада жойлашган «Дача» қўрғонига Туркиянинг MyCargo Airlines авиакомпаниясига тегишли «Боинг 747» юк самолёти қулаган эди.

Ҳодиса оқибатида қўрғондаги 32та уй вайрон бўлган. 17 январь Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилинди.

Мавзуга оид