Юнусободдаги кўлмаклар ўқувчиларнинг мактабга бориш йўлини “тўсмоқда”
Таҳририятимизга Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган 97-мактаб ўқувчилари ота-оналаридан мактаб олдидаги ноқулайликлар бўйича мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда таъкидланишича, мактаб Юнусобод тумани 15-мавзе ҳудудида жойлашган. Шикоятнинг мазмуни шундан иборатки, мактаб олдидаги кўча жуда яроқсиз ҳолга келиб қолган. Кўчанинг аксарият жойлари ўпирилиб кетган ва бу айниқса ёғингарчилик вақтида мактабга қатновчи ўқувчиларга ноқулайликлар туғдирмоқда.
Шу узунлиги 300 метр келадиган кўчада яна бир мактаб – 273-мактаб жойлашган. Бу мактаб олдида ҳам аҳвол шундай. Иккала мактабнинг ўқувчилари ҳам мактабга етиб олиш учун бир нечта катта кўлмакларни айланиб, лой кечиб ўтишларига тўғри келмоқда. Лекин баъзи кўлмаклар шунчалик каттаки, уларни сакраб ўтишнинг ҳам иложи йўқ ва шунда ўқувчилар пойафзалларини бўктириб, улардан юриб ўтишга мажбур бўлмоқдалар. Катта ўқувчилар бу йўлдаги "тўсиқлардан" амаллаб ўтиб олишар, лекин жажжигина ўқувчилар пойафзаллари сувга ботганча, мактабга билим олгани ошиқмоқдалар. Йўлдаги ўнқир-чўнқирларнинг санаб адоғига етмайсан, ҳали у ери, ҳали бу ери кўчиб ётибди. Ҳаво қуруқ пайтда ўқувчилар мактабга йўл четидаги эни 1,5 метрлик тупроқ йўлакчадан бориб-келишади. Аммо ёғингарчилик пайтида бу йўлакча ростмана балчиққа айланади. Ноилож ўқувчилар машина йўлдан юришларига тўғри келади. Бироқ қанийди ҳайдовчилар уларга "раҳмлари" келиб секинроқ юрсалар, аксинча ўзларини кўча фақат уларникидек тутиб, олға босадилар.
Бу ҳам етмагандек, эрталаб мактабга келар вақт, яъни соат 7.30дан 8.00гача бу ерда "автомобиллар шоуси"га гувоҳ бўлишингиз мумкин. Эни 5 метрлик йўл шунчалик тирбанд бўлиб кетадики, шаҳар марказида тиғиз пайтдаям бунақа тирбандликлар камдан-кам учрайди. Бечора ўқувчилар кўлмак санаганлари етмагандай, яна шу машиналар орасидан ҳам турли "манёврларни амалга ошириб" кўчадан ўтиб олишларига тўғри келмоқда. Баъзи "ўта фаросатли ота-оналар" "йўлни банд қилмай деб"ми, ё бу кўчада улардан бошқа зоғ йўқ дебми, тезлик тепкисини аямай босишади. Ва ачинарлиси, бундай ҳолатларга ўзини "босиб олган" катталар ҳам йўл қўймоқда.
Ҳаттоки баъзи фарзандларига ўта ғамхўр, "темир тойчоқли" ота-оналар "фарзандларим қийналмасин деб" уларни мактаб дарвозаси олдигача элтиб қўйишади ва шу тариқа дарвоза олдини гўёки ўз уйлари дарвозасидек "ишғол қилишади". Шунақа пайтда пиёда келаётган ўқувчилар икки четдан қолган тирқишдан ён бошлаб ўтиб олишларига тўғри келмоқда. Машинада ўтирган ота-оналарнинг бу болалар билан зиғирча ишлари йўқ. Боласини тушириб тезда йўлни бўшатиш ўрнига, уларни мактаб ичигача кириб кетгунча кўзлари билан кузатиб қўйишади. Яхшиямки, дарвоза бор, бўлмасам бундайлар фарзандларини машиналарида мактаб зинаси олдигача ҳам олиб кириб қўйишдан тоймасдилар.
Шу муносабат билан, йўл четидан болаларнинг юриши учун бетон тўсиқ билан чегараланган, асфальт қопламали пиёдалар йўлакчаси ташкиллаштириш мақсадга мувофиқ бўларди. Болалар ёғингарчилик вақтида машина йўлдан юрмай ва ўзларини хавфга қўймай, ўзлари учун ажратилган йўлакчадан ҳаракатланган бўлардилар. Шунингдек, машина йўл ва унга ёндош кўчаларни ҳам капитал таъмирдан чиқариш лозим. У ер-бу ерни ямаб кетиш билан бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Шунингдек, мактабга келиб-кетувчи машиналарни ҳам тартибга солиш керак. Тўғри, ҳеч кимга фарзандини мактабга машинада олиб келишини тақиқлаб бўлмайди, бироқ мактаб олдини машиналар билан банд қилиш болалар хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Бу муаммолар баъзи ота-оналар томонидан кўтарилган. Тегишли мутассади ташкилотларга шикоятлар қилинган. Жумладан, мактаб бошида ва мактаб тугашида Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан "тўхтаб туриш мумкин эмас", деган йўл белгилари қўйилган, бироқ улар томонидан ваъда қилинган назорат ҳали амалга оширилмади. Машинаси бор ота-оналар бу ерга бирор бир текширув келиб, амалий чоралар кўрилмагунча, бу белгини кўрсалар ҳам кўрмаганга олиб кетаверадилар ва машиналари билан йўлни банд қилишда давом этаверадилар.
Қолган мутасадди ташкилотлар, жумладан, Юнусобод тумани ободонлаштириш бошқармаси томонидан ҳам ҳали ҳеч қандай амалий чоралар кўрилмаган, ваҳоланки улар бу вазиятдан хабардор қилинганлар.
Шу муносабат билан униб-ўсиб келаётган ёш авлодларимизга билим олишлари учун нафақат мактабда, балки унинг ташқарисида ҳам муносиб шароитлар яратиб беришда мутасадди ташкилотлардан ўзларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, жонбозлик кўрсатишни ва юқори ташкилотлардан бу ҳолатни ўз назоратларига олишни сўраб қоламиз. Зероки, фарзандларимиз уларга қулай шароитлар яратилгандан кўзлари қувнаб, ватан туйғусини янада кучлироқ ҳис қилсинлар.
Мавзуга оид
18:20 / 16.12.2024
Damasʼдан Kia Sonetʼгача: “Halol Avtolizing”чилар юзлаб одамни алдагани маълум бўлди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
16:21 / 11.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
14:14 / 24.10.2024