Фан-техника | 20:20 / 20.02.2017
5262
3 дақиқада ўқилади

Ford: автомобилларни ярим муқобил бошқаришдан наф йўқ

Фото:motor.ru

АҚШнинг Ford компанияси учинчи босқич автопилот (автомобилнинг мустақил равишда ҳаракатланиши)ини жорий қилишни бекор қилишни режалаштирмоқда. Бунда электроника буйруғи ёки фавқулодда вазият туфайли автомобиль бошқарувини инсон ўз ихтиёрига олади. Компанияга кўра, бу каби бошқарувнинг умуман фойдаси йўқ. Bloomberg агентлигининг хабар қилишича, Америка ишлаб чиқарувчиси бунинг ўрнига тўлиқ автопилотли машиналарни ишлаб чиқариш ниятида. Улар 2020 йилдан сўнг пайдо бўлиши керак.

Ford автомобилларига ўрнатилган учинчи босқич автопилотларини синаш чоғида аниқланишича, синовчилар мудраб қолишган. Титровчи ўриндиқлар ва рул, муҳандис ёнига ҳамроҳ қўйилиши ҳам фойда бермаган. Ҳар сафар автомобилнинг бир хил ҳаракатидан синовчилар мудраб қолаверишган.

«Улар барчасини текшириб, кузатиши лозим бўлган муҳандислар эди, — дейди Ford  янги ишланмалари раҳбари Раж Наир. — Аммо, бу инсон табиати: сен автомобилга қанчалик кўп ишона бошласанг, диққат билан кузатишнинг ҳожати йўқлигини англай бошлайсан».

Бу қараш фақатгина Ford компаниясига тегишли хулоса эмас. Google корпорацияси ҳам шундай фикрда. Унга тегишли автопилотлар билан шуғулланувчи Waymo компаниясининг фикрича, эҳтимол учинчи даражали автопилотга эга машиналарни ишлаб чиқармаган маъқулдир. 

Ярим муқобил автомобилларда рул бошқаруви, тезлик ва тормоз педалларини қурилма бошқаради ҳамда атрофдаги вазият ўрганиб борилади. Бироқ, айрим вазиятларда инсон иштироки талаб этилади. Бунда, электроника, масалан, BMW, Audi ва Mercedes-Benz автомашиналарида 10 сония аввал ҳайдовчини огоҳлантиради. Nissan ва Honda машиналари 30 сония аввал огоҳлантиришни бошлайди. Бироқ, кўплаб экспертларнинг фикрича, ҳайдовчи ўз вақтида қарор қабул қилиши учун бу вақт етарли эмас. 

«Биз беш, ўн сония деганларига ишонмаймиз, — деган Volvo раҳбари Хакан Самуэльсон. — Бу барибир хавфли. Агар сиз бирор нарса билан машғул бўлсангиз, тадқиқотларга кўра, нима бўлаётганини тушуниб, вазиятни баҳолаб, бошқарувни қўлга олишга 2 дақиқа талаб этилади. Бундан кам вақтда бўлиши мумкин эмас. Шунга кўра, учинчи даражали муқобил бошқарув тизими умуман кераксиз бўлиб чиқади».

Мавзуга оид