Жамият | 09:01 / 20.02.2017
138979
5 дақиқада ўқилади

Огоҳ бўлинг: МДҲ мамлакатларида «кўк кит» ўйини

Сўнгги вақтларда (аниқроғи, январь ойидан эътиборан), халқаро майдондаги янгиликларни кузатиб бораётган бўлсангиз, МДҲнинг қатор мамлакатлари, хусусан, Украина, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонда ўсмирлар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг уришмоқда. Хўш, уларнинг бундай қарор қабул қилишлари ва ёш умрларини хазон қилишига нима сабаб бўлаяпти? 

Шундай нохуш воқеалардан бири бир неча соатлар муқаддам Украинада содир бўлди. Хабарларга кўра, ўсмир қизнинг ўлимолди мактубини топиб олган она полицияни хабардор қилган. Киев шаҳар полицияси, миллий гвардиянинг жиддий саъй-ҳаракатлари туфайли қиз 16 қаватли тураржой биносининг томидан топилган. У ёрдамга муҳтож ҳолатда, танасининг турли қисмида пичоқ билан етказилган янги ва эски жароҳат жойлари бўлгани ҳолда топилган.

Фото: kyiv.npu.gov.ua 

Унинг суиқасд қилишга уринишидан аввал ижтимоий тармоқлардаги «ўлим гуруҳлари»га аъзо бўлгани, «суиқасд қилиш» китобларини ўқигани, охирги топшириқдан сўнг, бу каби гуруҳларни тарк этгани аниқланган. 

Маълумотларга қараганда, турли (асосан, VKontakte) ижтимоий тармоқларда «кўк кит» номи билан разил ғаразгўйлар гуруҳи мавжуд. Уларнинг сони битта эмас, бир нечта экани ҳам маълум. Ачинарли ва ташвишлиси шундаки, уларнинг ғаламисликларига чув тушаётганлар ҳаётнинг аччиқ-чучуги нима эканини билмайдиган ва дунёқараши шаклланиш арафасида бўлган ўсмир ёшлардир. Россия, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг ҳар бирида камида 15 нафар ўсмир ушбу ўйин қурбони бўлишга улгурган. 

Ушбу ўйинни ўйнаб кўрган Кун.Уз манбасининг сўзларига кўра, «ўлим гуруҳи»га аъзо бўлгач ҳамда ўйинга ўсмирнинг розилиги олингач, унга турли топшириқ берила бошланади. Хусусан, манбага биринчи кунлик топшириқ сифатида «Худо»нинг суратини чизиш топширилган. Мана шунинг ўзиёқ, аслида бундай гуруҳлар ортида қандай кучлар ётганини исботлайди. Манбага, шунингдек, серқатнов кўчадан автомобиллар яқин қолганида югуриб ўтиш ва бу жараённи бевосита видеотасвирга  олиш, танасига турли суратларни пичоқ воситасида кесиш йўли билан солиш ва шу каби топшириқлар берилган. Топшириқдан бири улар юборган мусиқани 3 кеча-кундуз тинимсиз тинглаб юриш бўлган. 

Эътиборли жиҳати шундаки, гуруҳ администраторлари ўсмирларни назоратида ушлаб туриш учун топшириқни бажарган ёки бажармаганига доир суратни ўзига юборишни талаб қилишади. Кун.Уз манбасининг сўзларига кўра, «ўлим гуруҳи» унга суиқасд қилишига туртки бериш мақсадида, «у дунё борлигига ишонсанг, билки, сен гуноҳкорсан, агар сен ўзингни ўлдирмасанг, сен учун ота-онанг жазоланади, ўзингни ўлдирсанг, улар қутулиб қолишади, наҳотки, сен уларни ёмон кўрсанг» каби алдовчи сўзларни ҳам билдиришган. Албатта, манбанинг таъкидлашича, у бу каби вазифаларни бажармагач, унга таҳдид қилишган ва охирида алоқани узишган.

Хўш, таҳдид қандай амалга оширилади? Улар махсус дастур орқали фойдаланувчининг IP манзилини аниқлаб, унинг уй манзилини билиб олишади ва шу орқали, «сен шу манзилда яшайсан, шартни бажармасанг оиланг билан йўқ қиламиз, орқага йўл йўқ, бажаришинг шарт», дея шантаж қилишади, ё бўлмаса, ўйин давомида иштирокчининг турли хил шахсий (интим мазмунига эгалари ҳам) суратлари алдов йўллари билан олинади ҳамда сўнгги босқичда суиқасдга мажбурлаш воситасида қўлланилади. 

Аммо, бу каби ғаламисларнинг бузуқ ниятларига чув тушаётганлар оз эмаслигини халқаро янгиликлар дастурларида кўриш мумкин. «Ўлим гуруҳи»нинг топшириғи эса, асосан, эрталабки ширин уйқу вақтида, тонгги 4:20-4:50 атрофида берилиши таъкидланмоқда. Уларга сўнгги вазифа берилишида, шунингдек, «бу туш экани, шартни бажариши билан уйғониши ва натижаси қандай бўлганини билиш мумкин»лиги каби гипноз усулларидан фойдаланилгани ҳам хабарларда айтилмоқда. 

Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, мақсадимиз бошқа мамлакатларда бўлаётган бу каби салбий воқеа-ҳодисалар юртимизга кириб келмасин! Бунинг учун эса, барча, ота-оналар, маҳаллалар, кенг жамоатчилик, таълим масканлари ва профилактика инспекторлари ҳушёр бўлиши лозим. Ўсмир ёшлар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш керак. 

Фото: kyiv.npu.gov.ua 

Мавзуга оид