Спорт | 21:31 / 24.02.2017
7726
2 дақиқада ўқилади

Клопп Раньерининг ҳайдалишини улкан сиёсий воқеага тенглаштирди

«Ливерпуль» жамоаси бош мураббийи Юрген Клопп АПЛнинг 26-турида «Лестер»га қарши кечадиган учрашув олдидан Клаудио Раньерининг ишдан бўшатилганига муносабат билдириб ўтди.

«Бу воқеа рўй берганидан ҳайрон бўлмадим. Нега дейсизми? Бу фақат футбол туфайли эмас. Охирги вақтларда бундай даҳшатли воқеаларни кўп кўрмоқдамиз – Brexit (Буюк Британиянинг ЕИдан ажралиб чиқиши – таҳр), Трамп ва энди Раньери.

«Лестер» раҳбарияти нега бу ишни қилганига тушуна олмаяпман.

Раньери бизнинг касбимиздаги алоҳида одам, у ажойиб одам. Биз Клаудио билан аввалдан танишмиз, мен Германиядалигимда у Дортмундга, мени кўришга келганди. У шундай ғаройиб одам. Лестерга боринг ва улардан сўранг, нега улар бу ишни қилишди?.

Ҳафта бошида мен йигитларга айтгандим: «Лестер» энди ўз муаммоларини англаб етди, энди биз кучли «Лестер»ни кўрамиз.

Чемпионлар лигасида сиз уларнинг голини ва уларнинг шундан кейинги ҳаракатларини кўрдим. Голгача ва голдан кейинги ўйин буткул фарқли эди. Кўриниб тургандики, уларга ўзига бўлган ишонч қайтиши учун гол керак эди.

Мен улар дарҳол ўзгариб қолган деб ўйламайман. Эҳтимол, «Лестер» футболчилари энди ниманидир исботлаб қўймоқчи бўлишар, аммо биз бунга йўл қўймаймиз», – деган Клопп.

Мавзуга оид