Жамият | 10:32 / 25.02.2017
6782
3 дақиқада ўқилади

АҚШдаги яна бир штатда ўлим жазосини ижро этишга рухсат берилди

Фото: Fotolia

АҚШнинг Арканзас штати олий суди штат ҳукуматига 12 йиллик танаффусдан сўнг ўлим жазосини ижро этишни тиклашга рухсат берди. Бундай қарор жума куни чиқарилган.

Рухсат Қўшма Штатлар олий суди Арканзасдаги ўлим жазосини кутаётган маҳбусларнинг ҳимоячилари томонидан берилган шикоятни кўриб чиқишдан бош тортгач, берилди. Штатда ҳаммаси бўлиб саккизта шундай маҳбус бор. Улар Арканзасда 2005 йилда жорий этилган ўлим жазосига вақтинчалик мораторийни чўзишни талаб қилишди ҳамда бундай жазони амалга оширишда қўлланиладиган заҳарловчи модда жиноятчиларга “чидаб бўлмас оғриқ” келтираётганини маълум қилишди. Бундан ташқари, даъвогарларнинг билдиришича, штатда бундай препаратларни тайёрловчи ҳамда сотувчи фирмалар номини ошкор этишга қўйилган тақиқ қонунга хилофдир. 

Суд ўлим жазосини қўллашга рози бўлганидан сўнг, Арканзас бош прокурори Лесли Рутлеж штат губернаторига барча саккиз нафар маҳбусга нисбатан ўлим жазосини ижро этиш муддатини аниқлаш ҳақида расмий мурожаат юборди.

Шу билан бир қаторда, штат ҳукумати олинган рухсатга қарамай, жиноятчиларни инъекциялар учун керакли дори воситаларисиз қатл эта олмайдилар. Associated Press агентлигининг хабар беришича, ҳукуматда бор бўлган “ўлим уколи”га керакли бўлган таркибий қисмлардан бирининг амал қилиш муддати жорий йилнинг 1 январь куни ўз ниҳоясига етди, шунинг учун ундан фойдаланиб бўлмайди. Янги препарат қачон харид қилинишига эса ойдинлик киритилмаган.

Арканзас 2005 йилдан бери мамлакатдаги олий жазога ҳукм қилинганларни ҳаётдан маҳрум этмайдиган жанубий штатлар ичидаги ягонаси бўлиб қолаётганди. Бунга ўлдирувчи инъекция билан қатл этиш борасидаги бир неча йиллар давом этган суд жараёнлари, шунингдек унинг учун керакли бўлган заҳарловчи моддаларнинг етишмовчилиги сабаб бўлган.

Сўнгги йилларда АҚШнинг кўплаб штатлари бундай турдаги заҳарлар етишмовчилиги билан дуч келишди. Бу ушбу моддалар ишлаб чиқарувчи Европа корхоналари уларни АҚШга етказиб беришни тўхтатиб қўйгани туфайли рўй берди – улар ўлим жазосига қарши чиқишмоқда.

Мавзуга оид