Ўзбекистон | 09:48 / 12.03.2017
48264
2 дақиқада ўқилади

Ҳазрати Имом мажмуасидаги музейга аёллар калта кийимда ва рўмолсиз кирмаслиги тавсия қилинди

Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилиш тартибини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати маълум қилган.

Гид ва сайёҳлар учун тайёрланган тавсияларга кўра, «Мўйи Муборак» мадрасаси — муқаддас Қуръони Карим жойлашган музейга бир вақтнинг ўзида 40 нафаргача зиёратчи кириши мумкин, экскурсия вақти 20 дақиқадан ошмаслиги керак бўлади.

Шунингдек, ушбу музейда баланд овозда гапириш, баҳслашиш, видео ёки фотога олиш мумкин эмас. Зиёратчи аёллар бошига рўмол ёки шарф ташлаб олишлари, кийимлар зиёрат талабида – меъёрдан ортиқ калта, тор ёки очиқ бўлмаслиги керак.

Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида эса чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, майсазорда юриш, гулларни узиш, скейтборд ва роликда учиш, велосипед ҳайдаш каби ҳаракатлар тақиқланади.

Мадраса иш вақти: душанба-жума кунлари соат 9.00дан соат 17.00гача, дам олиш кунлари – шанба ва якшанба.

Туризм мавсумида 1 мартдан 30 июнгача ҳамда 1 августдан 30 ноябргача, дам олиш кунлари ҳам соат 9.00дан соат 16.00гача зиёратчиларни қабул қилади.

Мавзуга оид