Спорт | 19:48 / 22.03.2017
10696
2 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян Сурияга қарши ўйиннинг аҳамияти ҳақида гапирди

ЖЧ–2018 саралаш босқичи «А» гуруҳи 6-туридан ўрин олган Сурия – Ўзбекистон учрашуви олдидан Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Сурия ҳурматга лойиқ жамоа эканига нафақат биз, балки бутун Осиё амин бўлди. Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда ташаббусга эга бўлишимизга қарамай, рақиб ҳимояда мустаҳкам ўйин намойиш қилганди. Жамоа тартибли ўйин кўрсатади, таркибида эса индивидуал маҳоратга эга бўлган футболчилар бор.

Асосий мақсадимиз – ЖЧ–2018 финал босқичига чиқишдан иборат. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиляпмиз. Шу сабабли ҳар бир бўлажак ўйин катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, эртага энг муҳим ўйин арафасида турибмиз. Айни вақтда Россияга йўл олиш учун неча очко керак эканини ҳисоблаш ўринсиз бўларди. Муҳими ҳар бир ўйинга тайёргарлик кўриб, имкон қадар кўп очко олиш керак. Очколарни эса саралаш босқичи якунида ҳисоблаймиз», – дея фикрини билдирди Бабаян.

Эслатиб ўтамиз, Сурия ва Ўзбекистон учрашуви 23 март куни Малайзиянинг Малакка шаҳридаги Hang Jebat Stadium стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 17:00 да старт олиши режалаштирилган.

Мавзуга оид