Ўзбекистон | 18:59 / 24.03.2017
9264
2 дақиқада ўқилади

Красноярскдаги туризм ярмаркасида Ўзбекистон павильони гавжум бўлди

Аввал хабар берганимиздек, Андижон ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси айни пайтда Россия давлатининг Красноярск ўлкасида сафарда бўлиб турибди. Қўшни давлатга ташрифдан мақсад икки минтақа ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион соҳалар, маданий-гуманитар, шунингдек, туризм, соғлиқни сақлаш ва таълим ҳамда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенг йўлга қўйишдан иборат. 

24 март куни Ўзбекистон делегацияси вакиллари Красноярск шаҳрида халқаро туризм бўйича ташкил этилган ярмаркада иштирок этишди. 24-26 март кунлари бўлиб ўтадиган “Енисей” туристик йўналишидаги кўргазма-ярмаркасида 30дан ортиқ давлат   қатнашмоқда.

Ўзбекистон делегацияси учун ажратилган павильонда мамлакатдан олиб борилган 200 дан ортиқ маҳсулот кўргазмага қўйилган бўлиб, мева-сабзавот, миллий йўналишда тайёрланган сувенир ва либослар, текстил, мато, пойабзал сингари ва бошқа маҳсулотларга маҳаллий тадбиркорлар юқори баҳо беришди. Красноярск ўлкасининг бир қатор ишбилармонлари келгусида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шартномалар имзолаш бўйича таклифлар билдиришди.

Кўргазма залининг ўзида миллий таом – палов дамланиб, ташриф буюрганларга  тарқатилди.

Мавзуга оид