Спорт | 19:38 / 27.03.2017
24799
8 дақиқада ўқилади

«Футболни алдаб бўлмайди!»

Ўзбекистонлик собиқ футболчи ва собиқ мураббий Азамат Абдураимов ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Сурияга қарши ўйинидан кейинги фикрларини билдириб ўтди. Қуйида унинг пости ўзбек тилига таржима қилинган ҳолда келтирилади.

"Бу блогпостда мен терма жамоамизнинг сурияликлар билан ўйини менда қандай таассурот қолдиргани ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. 

Бу — терма жамоамизнинг жорий йилдаги илк ўйини эди, бу ўйин билан саралаш гуруҳимизда иккинчи давра бошланди ва албатта, ўйиндаги ғалаба Ўзбекистон терма жамоасининг кейинги одимлари учун жуда муҳим эди. Таассуфки, матбуотимизда ҳам футбол ҳамжамиятимизда ҳам терма жамоамизнинг ўтган йили ўтказган ўйинлари борасида етарли даражада кенг миқёсли таҳлиллар бўлмади. Чунончи, холис ва саводли таҳлилларсиз бизнинг заиф нуқталаримиз ва эътиборсиз қолдирилаётган жиҳатларимизни аниқлаб бўлмайди. Албатта, бундан мақсад — барча айбни футболчиларга тўнкаб, мураббийлар штабини қатағон қилиш учун бўлмаслиги керак. Бу масалага футбол федерацияси мутасаддилари масъул, уларнинг ўзлари ҳал қилади. Мен диққатингизни жалб қилаётган таҳлиллар ҳамма учун муҳим, унинг зарурлиги шундаки, келажакда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларнинг олди олинади.

Эслатиб ўтаман, Малайзияда бўлиб ўтадиган ўйин олдидан тўғридан-тўғри рақобатчиларимиз — Эрон ва Жанубий Корея билан ўта муҳим учрашувларда майдонга тушиб ютқаздик. Мундиалга тўғридан-тўғри йўл олишни истар эканмиз, иккинчи даврада шу икки терма жамоадан камида бирини мағлубиятга учратиш, қолган терма жамоалар билан ўйинларда очко йўқотмаслик талаб этиларди. Биз ўйингача гуруҳда 3-ўринда эдик. Суриядан мағлубиятга учраганимиз, Корея ҳам ютқазганидан сўнг нима бўлди? Биз ҳамон 3-ўриндамиз, ҳамон корейслар билан ўртамиздаги фарқ 1 очко, лекин фалокат шундаки, бизга Сурия яқинлашиб олди ва уларда ҳам бизни 4-ўринга тушириб юбориб, ўзлари 3-ўринга кўтарилиб олиш учун имконият пайдо бўлди.

Сурияга қарши ўйин таҳлилини мен март ойида бўлажак ўйинларга қандай тайёргарлик ўтказганидан бошласам. Қандай тайёрланишди ва нега бунақа ўйнашди? Биз ушбу ўйингача икки марта қисқа муддатли йиғинлар ўтказдик, Россия ва Арманистон клубларига қарши майдонга тушдик. Ҳозир натижаларни тилга олмоқчи эмасман, гарчи мағлубият ҳар доим ҳам ёқимсиз бўлса-да. Шунчаки, футболнинг аниқ бир қонунияти борки, бундай муҳим ўйинлардан олдин терма жамоа терма жамоаларга қарши майдонга тушиши керак! Бу бутунлай бошқа даража... Тушганда ҳам, ўйин услуби ва кучли бўлажак рақибларга ўхшаш бўлган терма жамоага қарши. Биз эса, Малайзияда кўрсатилган ўйин сифатига қараб баҳоласак, вақтни беҳудага сарфлаган бўлиб чиқаяпмиз. Бу ерда яна терма жамоалар марказига навбатдаги саволлар туғилмоқда: нега улар бизни зарур рақибларга қарши ўйинлар билан таъминлашмаган?! Қандай тайёрланган бўлсак, шундай ўйнаб қайтдик. Футболни алдаб бўлмайди, ахир!

Тан оламан, мен бундай натижани мутлақо кутганим йўқ, терма жамоамиз Ж.Кореядан учралган мағлубиятдан сўнг ғалаба қозониш учун бор куч-ғайратини ишга солади, деб ўйлаган эдим! Боз устига, бир томондан олиб қаралса, сурияликлар биздан асло кучли эмасди ва терма жамоамизга катта қийинчиликлар ҳам келтиргани йўқ. Бошқа томондан, биз ўзимиз жуда ночор аҳволда эдик. Бир-иккита стандартлар ва Одил Аҳмедовнинг узоқдан берган самарасиз зарбалари... Терма жамоамиз ўйинида эсда қолганлари шу. Бундай ўйин билан Жаҳон чемпионатига чиқишни мўлжалламасак ҳам бўлаверади.

Агар корейсларга қарши ўтган биринчи бўлим юқори прессинг билан ва қарши ҳужумларда рақиб дарвозаси олдида вазиятлар яратиб, бизнинг тажовузкор ва батартиб ўйнашимиз мумкинлигини кўрсатган бўлса-да, сурияликлар билани ўйинда мураббийлик фалсафаси ҳам, ўйин учун тактик режа ҳам кўзга ташланмади. Бу Бабаян такрорлашни яхши кўрадиган вертикал футбол эмас эди асло, бу кўпроқ "югур ва теп"га ўхшаб кетди...

Ушбу ўйиндан терма жамоамизга оид техник ва тактик маълумотлар кўрсатиб турибдики, биз рақибдан кучли эмас эдик. Маълумотлар ҳар икки жамоа учун ҳам деярли бир хил. Мен учун тажовузкорлик ва ғалаба қозониш иштиёқини билдирувчи кўрсаткичлардан бири рақиб дарвозаси томон берилган зарбаларда ифодаланади, лекин бу борада биз сурияликларга ютқазганмиз.

Қўшимчасига, мураббийлар штаби таркибни танлашда ҳам адашган. Икки ҳужумчини бир вақтда майдонга тушириб, ҳужумга урғу бериб ўйнаш керак эди. Буларнинг барчаси менинг шахсий фикрларим, мен собиқ ҳужумчи сифатида ҳужум қилишни яхши кўраман ва ўйинда биринчи рақамли жамоада бўлишни истайман, айниқса рақиб бунга йўл қўйиб бераётган бўлса. Олдинги чизиғимизда эса ўйинимиз қовушмади. Дастлабки дақиқалардан майдонга тушган Машарипов, Жепаров, Абдухолиқов, Бикмаев каби ҳужумкор ўйинчиларга қурилган ўйинда илк бор ўйнадик. Ўйинчиларнинг бир-бирини тушунмаслиги ва ўйини қовушмаганлигининг сабаби ҳам шу. Режалаштирилган ўйинчи алмаштиришлар ҳам бизга фойда бермади. Фақат Шомуродовнинг ёриб ўтиб, жарима майдонига берган узатмасини рақиб тўсиб қолгани эсга олинмаса — ҳеч вақо рўй бермади. На Сергеев, на Гейнрих ўзини кўрсата олди. Ахир Қатарда ҳозир мавсум қизиган пайт ва Рашидов яхши жимсоний формада, унга ўзини кўрсатиш имконияти тақдим этилиши керак эди. Менга Машариповнинг ўйини ёқади, у бугунги кунда рақиб билан тўқнашишдан чўчимайдиган, уни осонгина алдаб ўтиши мумкин бўлган ноёб ўйинчиларимиздан. Мен бундай ўйинчини иккинчи бўлимга, рақиб чарчаб қолган пайтда туширган бўлар эдим ва у хавфли вазиятлар яратишда асқотарди. Сурия мураббийси айнан шундай йўл тутди: ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида янги ўйинчини майдонга туширди ва у жарима майдонига ёриб кириб, футболчимизни қоида бузишга мажбур қилди. Алал оқибатда теппа-тенг ўйинда рақиб ғалабани илиб кетди. 

Ушбу ўйин бўйича яна бир ёқимсиз ҳолатни тилга олмасам бўлмайди — терма жамоамизнинг етакчи ўйинчилари ўзларини мутлақо кўрсата олишгани йўқ. Қайсиким, улардан ишончли ва конструктив ўйинлар кутиладиган, жамоани ўз орқасидан эргаштира оладиган ва эргаштириши шарт бўлган футболчиларимиз. Бу терма жамоанинг омадсиз ўйинлари кўп бўлган, лекин бу қадар нурсиз ўйинини мен шу пайтгача кўрмаган эдим. Барча ўз имкониятларидан анча паст даражада ўйин намойиш этишди. 

Ўтган даврларни эслар эканман, мен собиқ футболчи ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ аъзоси сифатида фақат қувончли кунларни бошимдан ўтказмаганман. Ҳаётимда аламли мағлубиятлар, ўкситадиган хатолар ҳам бўлган. Шунинг учун мен футболчиларимиз тезроқ бу мағлубиятни унутиб, Қатар устидан ғалаба қозониб, мухлисларнинг муҳаббати ва ҳурматини ўзларига қайтариб олишни чин дилдан истайман. Қачонки сиз майдонга борингизни тўкиб солсангиз, ҳар бир тўп учун курашсангиз, ўйинга ҳаётингиздаги энг муҳим ўйин каби ёндашсангиз — албатта ғалаба қозонасиз. Унутманг, ҳали 90 дақиқа тугаб бўлмаган экан, ҳеч нарса йўқотилган эмас. Чемпионлик характери ана шундай тарбияланади!

Мавзуга оид