Спорт | 16:18 / 29.03.2017
5683
2 дақиқада ўқилади

Англиялик футболчи мундиалда қатнашиш учун гўшт ейишдан воз кечмоқчи

«Сандерленд» ҳужумчиси Жермейн Дефо Англия терма жамоаси сафида 2018 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун вегетариан бўлишга тайёр.

Октябрь ойида 34 ёшга тўладиган Дефо 3,5 йиллик танаффусдан кейин терма жамоага қайтган. У англияликларнинг ЖЧ-2018 саралаши доирасида Литвага қарши кечган ва 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашувида иштирок этиб, голлардан бирига муаллифлик қилди. У вегетарианлик унга терма жамоа талабига жавоб берувчи спорт формасини сақлаб туришни таъминлайди деб ҳисобламоқда.

Дефо узоқ вақтдан бери алкоголдан воз кечиш ҳаракати (teetotalism) тарафдори ҳисобланади, криотерапия (танани совуқ сувда чиниқтириш) тарғиботи ҳамда йога билан шуғулланади. Ушбу футболчи ўз муваффақиятлари сабабини шу танловлари билан боғлайди. Унинг айтишича, бу ғояни унга севган қизи таклиф этган. 

«Энди мен ўз танамни яхши ҳис қиламан. Ҳар бир футболчи ўйиндан олдин ўзини бардам ҳис этишни истайди, бундан ёқимлироқ ҳиссиёт бўлмайди. Шу туфайли мен криотерапия, массаж, тўғри овқатланиш ва вегетарианликни тўғри йўл деб биламан. Кулишингиз мумкин – мен онамникига меҳмон бўлиб борганимда у столга гўштнинг барча хилини тортиб қўяди», - деган Дефо Skysports эфирида.

Мавзуга оид