Жамият | 12:08 / 07.04.2017
5883
2 дақиқада ўқилади

Бухорода “Профилактика куни” қандай ўтди

“Профилактика куни” тадбирлари Бухоро вилояти ҳудудида ҳам жонбозлик руҳида ташкил этилди. Барча корхона, ташкилот ва идораларда ўтказилган йўриқномалардан сўнг ходимлар тегишли йўналишларда ўзларига юклатилган вазифаларни тўлақонли бажариш учун отландилар.

Жумладан, тадбирга жами 1996 нафар ички ишлар идоралари ходимлари жалб этилиб, унда 4524 нафар жамоатчилик вакиллари ҳамда 149 нафар бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ходимлари фаол иштирок этишди. 

Тадбир давомида, вилоят бўйича жами 306 та таълим муассасаларида “Давомат” тадбирлари ўтказилиб, ўз фарзандининг таълим олиш мажбуриятларини бажармаган 34 нафар ота-оналарга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Вилоят ҳудудидаги жами 17.182 та хонадонлар ўрганилиб, уларда 188 нафар шахслар ноқонуний яшаб келаётганликлари аниқланди ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Тадбир давомида аниқланган жами 986 та турли кўринишдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан тегишли тартибда маъмурий баённомалар тузилди.

Шунингдек, 2 та қўшмачилик, 4 та ўғрилик ва 1 та ноқонуний диний ташкилотларда иштирок этиш жиноятлари фош этилиб, 2 нафар қидирувда юрган жиноятчилар ушланди.

Мавзуга оид