Фан-техника | 07:30 / 10.04.2017
17997
1 дақиқада ўқилади

Хакер Даллас аҳолисини ярим тунда оёққа турғазди

Номаълум хакер АҚШнинг Даллас шаҳридаги барча 156 та хавфсизлик сиренасига кира олиб, уларни 7 апрелдан 8 апрелга ўтар кечаси 1,5 соат давомида бутун овозига ёқиб қўйди. Бу ҳақда USA Today нашри хабар бермоқда. 

Одатда об-ҳаво хавфлари ва табиий фожиалар ҳақида огоҳлантирувчи сиреналар 7 апрель соат 23:42 дан 8 апрель 01:17 гача узилишлар билан ишлаган. Сиреналардан ҳар бири 60 марта ёқиб-ўчирилган.

Шовқиндан асабийлашган одамлар 911 қутқарув хизматига одатдагидан 4 марта кўпроқ қўнғироқ қилишган. Ҳаммаси бўлиб 4400 та қўнғироқ келиб тушган. 

Охир-оқибат шаҳар маъмурияти шовқиндан қутулиш учун бутун тизимни ўчириб қўйишга қарор қилган.

Маълум қилинишича, хакер Далласда эканлиги айтилган. Хакерни кузата олишмаган ва уни қидиришга кўп вақт кетиши мумкин.

Шаҳар мэри Майк Роулинг хакер фавқулодда огоҳлантиришлар тизимини ишдан чиқармоқчи бўлганини ва ким бўлишидан қатъий назар, ҳукумат уни топиб, судга топширишини айтган.

Мавзуга оид