Спорт | 22:16 / 18.04.2017
11710
2 дақиқада ўқилади

Луис Энрике мухлисларда интрига уйғотди

«Барселона» бош мураббийи Луис Энрике Чемпионлар лигаси чорак финали доирасида «Ювентус»га қарши кечадиган ўйиндан олдин ўз фикрларини айтиб ўтди.

Ўйин ҳақида
«Эртага бизда худди «ПСЖ»га қарши ўйиндаги каби ҳолат. Ўйлайманки, «Ювентус»да ҳам гол учун имкониятлар бўлади. Демак, бизнинг вазифамиз 5та гол уриш. Агар тезкор гол урсак, «Камп Ноу»даги муҳит бизга иккинчи голни келтиради, кейин учинчиси ва бошқалари.

Айни вақтда бизда йўқотадиган бошқа нарса йўқ. Йўл фақат битта - ҳужум, ҳужум ва яна ҳужум. Танаффусда дам оламиз ва кейин яна ҳужумга ўтамиз. Биз охиригача курашамиз.

Мухлисларимизга айтишни истардимки, улар 80-дақиқада кетиб қолишмасин. Бу ҳолда аниқки, кўп нарсани ўтказиб юборишади. Бу яна бир тарихий кечага айланиши мумкин».

Ундан шунингдек, бугун «Реал»га қарши ўйнайдиган «Бавария»нинг имкониятлари қай даражада экани ҳақида сўрашган.

«Бугун уларнинг учрашуви борми? Менинг ишим шу қадар кўпки, барча эътиборимни эртанги ўйинга қаратганман ва бошқа нарса ҳақида ўйлашга вақтим йўқ».

У Аллегрининг жамоаси ярим финалга чиқиш учун 2та гол уриши кераклиги ҳақида айтган гапига муносабат билдирган.

«Агар у шундай деган бўлса, демак, мен нотўғри ҳисоблабман. Агар улар иккита гол урмоқчи бўлишса, биз 6та гол уришимиз керак».

Эслатиб ўтамиз, жамоаларнинг Туринда кечган биринчи баҳси «Ювентус»нинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди.

«Барселона» – «Ювентус» баҳси 19 апрель куни «Камп Ноу» стадионида Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланади.

Мавзуга оид