Жамият | 14:30 / 30.05.2017
12232
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда бозорқўмдан пул талаб қилган товламачи қўлга олинди

Иллюстратив фото

Бахмаллик Эсонбой (исм-шарифлар ўзгартирилган) тумандаги деҳқон бозорига йўл олди. Олдиндан режалаштирганидек, тўппа-тўғри бозор раҳбари Ш.Хонкелдиев хонасига кириб борди, деб ёзади “Постда” газетаси.

Салом-аликдан сўнг бозорқўмга юзланди:

-  Шарифбой, мени биласан, ернинг тагида илон қимирласа сезаман. Унча-бунча одамнинг нозик томонини топаман-да...

-  Тушунмадим, Эсонбой ака. Бу гапингиз билан нима демоқчисиз?

-  Бозор катта, сен ундан унча, бундан бунча, дегандай, ноқонуний тирикчилик қиляпсан, буни сезиб юрибман.

-  Ҳаддингиздан ошманг, ҳеч бир исботсиз устимдан мағзава ағдарманг, - жаҳли чиқди Шариф Хонкелдиевнинг.

-  Ҳов бола, - ёши катталигини пеш қилиб, осмондан кела бошлади Эсонбой. – Айтганимни қиласан, акс ҳолда шундай қиламанки, туғилганингга пушаймон бўласан!

-  Билганингизни қилинг, менинг бировдан муттаҳамлик жойим йўқ.

Эсонбой режаси амалга ошмагани учун кайфияти бузилиб, ноилож уйига қайтди. Қўлига қоғоз-қалам олиб, Ш.Хонкелдиевнинг устидан тўқиб-бичиб шикоят аризани ёзди-да, тегишли идорага жўнатди.

Орадан бир неча кун ўтиб, бундан воқиф бўлган Шариф Хонкелдиев нега ариза ёзганини сўраш мақсадида Эсонбойга учрашди. Шикоятини қайтариб олишни сўраб илтимос қилди. Эсонбой эса 15 миллион сўм берсагина, аризасини қайтариб олишини айтди.

Шариф бу одамнинг қандайлигини яхши билар эди. У мансабдорларни қўрқитиб, улардан тама эвазига пул олиб, чўнтагини қаппайтириш пайидан бўларди. Шу боис “Ҳеч қандай айбим бўлмаса, қонун бор, адолат бор” дея у ҳам Э.Кенжабоев товламачилик йўли билан пул талаб қилаётганлиги тўғрисида Бахмал тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилди.

Э.Кенжабоев қилмиши қонунга хилоф эканлигини била туриб, товламачилик йўли билан Ш.Хонкелдиевдан 6 миллион 500 минг сўм олаётган вақтда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Нафсига эрк қўйиб, туҳмат эвазига даромад қилмоқчи бўлган товламачига нисбатан қонуний чора кўрилди.

Мавзуга оид