Жамият | 13:48 / 31.05.2017
8038
2 дақиқада ўқилади

Космосда Баренц денгизига тегишли бактериялар топилди

Фото: b-port

Ер сатҳидан 400 км баландликда парвоз қилаётган халқаро космик станция орбитасида космоснинг ноқулай омилларига чидамли микроорганизмларнинг споралари ва ДНКси парчалари топилган. 2010 йилдан 2016 йилга қадар ўтказилган тажрибалар Ер биосферасининг юқори чегараси баландлиги бошқаттан ўрнатилиши заруриятини келтириб чиқармоқда, дейишмоқда «Роскосмос»дагилар.

«Тест» космик синови доирасида фазогирлар очиқ коинотга чиқишган вақтида ХКС сиртидан 19та космик чанг намунасини йиғиб олишган. Юқори сезувчан молекуляр усуллар, 70 фоиз ҳолатда нафақат турли микроорганзмларнинг ДНК геномлари қисмларини, шунингдек, уларнинг турини ҳам аниқлаш имконини берди. Масалан, турли йиллардаги тажрибаларда Баренц денгизида яшовчи бактериопланктон, экстремофил бактерия, Мадагаскар ороли тупроқлари намунасида учратилган бактериялар, ўсимлик геномлари, архибактериялар ва турли замбуруғлар ДНКлари топилган.

Натижада, ХКС сиртига инган намуналарнинг кимёвий таркиби ҳақидаги тажриба маълумотлари Ер сиртидан 400 км баландликдаги космик чангларнинг геокимёвий таркиби ва уларнинг келиб чиқиш манбаси ҳақида хулоса чиқариш имконини бериши маълум бўлди. Олимларнинг фикрича, бу тирик организмларнинг ташқи тропосферик манбаси ҳақидаги фаразни исботлайди ва аэрозол моддаларнинг тропосферадан ионосфера баландликларига олиб чиқиш имконияти мавжудлигини тасдиқлайди.

Тажриба натижалари, шунингдек, космик аппаратларни сайёралараро парвоз чоғида ҳимоя қилиш ва сайёраларолди станцияларни барпо этишни лойиҳалаштиришдек истиқболли масалаларни ечиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Мавзуга оид