Спорт | 15:30 / 11.06.2017
11154
2 дақиқада ўқилади

Роберто Карлос айбловларни инкор этди

Бразилиялик собиқ футболчи, юлдузли онларини «Реал»да ўтказган Роберто Карлос допинг истеъмол қилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Бундан аввалроқ Германиядаги ARD телеканали Бразилия футболидаги допинг муаммосига бағишланган ҳужжатли фильмни намойиш этган, унда Карлос ҳам ўсмирлигида тақиқланган моддаларни истеъмол қилгани гумон қилинганди.

Фильмда Карлос 2002 йилда бразилиялик шифокор Жулио Сезар Алвеснинг мижози бўлгани, бу шифокор эса ўз амалиётида допингдан кенг миқёсда фойдалангани маълум қилинган.

Фильмда шифокор Роберто Карлос ҳақида ҳам гапирган. «У менинг олдимга келганида 15 ёшда эди. Айнан мен унинг оёқларини ҳозирги кўринишига келтириб қўйганман» - деган Алвес.

«ARD каналининг бу баёнотини инкор этаман. Мен ҳеч қачон допинг қабул қилмаганман. Фильмда мени бир шифокор билан боғлаб тасвирлашган. Аммо мен уни танимайман. Энди бу иш билан ҳуқуқшуносим шуғулланади. Биз барча айбловлар судда исботланишини талаб қиламиз.

Ўз фаолиятим давомида мен ҳалоллик принципларига риоя қилганман. 20 йиллик фаолиятимда бирор марта допинг истеъмол қилганим тасдиқланмаган. Мен Бразилия, Италия, Испания, Туркия, Россия, Ҳиндистон клубларида ўйнаганман. Бразилия терма жамоаси сафида дунёни кезганман. Ҳар доим допинг назоратидан ўтганман. Агар допинг истеъмол қилганимда, албатта бу аниқланган бўларди», деб ёзган Роберто Карлос фейсбукдаги саҳифасида.

Мавзуга оид