Жаҳон | 03:05 / 22.06.2017
11319
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон МСКга президентликка номзод Темир Сариевдан ариза келиб тушди

Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясига кузда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш учун номзодлардан бири — Темир Сариевдан ариза келиб тушди, деб хабар бермоқда «24.kg» МСКдаги манбаларига асосланиб.

Эслатиб ўтамиз, собиқ бош вазир — «Акшумкар» партиясидан давлат раҳбари лавозимига номзод сифатида илгари сурилган. Бундан сал аввалроқ Бишкекда сиёсий ташкилотнинг еттинчи қурултойи бўлиб ўтди ва унда делегатлар ўз етакчисини бир овоздан президентлик сайлови учун номзод сифатида қўллаб-қувватлашди.

Темир Сариев энди бошқа номзодлар сингари МСКАга тегишли ҳужжатларни, жумладан, 30 минг сайловчининг имзоси туширилган сайлов рўйхатлари ва 1 миллион қирғиз сўми миқдорида сайлов учун гаров пули тақдим этиши лозим.

Қирғизистонда президентлик сайловлари 15 октябрда бўлиб ўтади.

Илгарироқ сайловда қатнашиш учун МСКга ҳужжатларни «Лига - Антикризис» жамоатчилик бирлашмаси раҳбари Назарбек Нишонов ва «Ата Мекен» партияси етакчиси Омурбек Текебаев ҳам топширишган эди.

Сайлов учун номзодларни илгари суриш 15 июнда бошланган ва 15 августгача давом этади.

Мавзуга оид