Ташқи ишлар вазирлигида бир кунда 4та давлат элчиси қабул қилинди
6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида 4та давлат элчиси қабул қилинди.
Хусусан, вазирликда Россия Федерациясининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденов билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга амалга оширган давлат ташрифи давомида ва олий даражадаги музокараларда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Шу куни вазирликда Ўмон султонлиги элчиси Муҳаммад ибн Саид ибн Муҳаммад ал-Лавати ҳамда Фаластин элчиси Муҳаммад Абдулла Таршахани билан учрашув ўтказилди.
Ўмон элчиси билан суҳбат чоғида Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузурида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази кутубхонаси янги биносининг қуриш ишлари якунланиши билан боғлиқ амалий масалалар муҳокама қилинди.
Фаластин элчиси билан суҳбатда икки томон ҳамкорлигининг жорий масалалари, жумладан апрель ойида Фаластин Ташқи ишлар вазири ўринбосари Мазен Шамиянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Бундан олдинроқ Тожикистон элчиси Содиқ Имомий билан учрашувда бўлажак учрашувлар жадвали муҳокама қилингани ҳақида хабар берилганди.
5 июль куни Ўзбекистон ТИВда Япония элчиси Нобуаки Ито қабул қилинганди.
Мулоқот давомида молия ва иқтисод соҳаларида аввал эришилган келишувларни ҳаётга тадбиқ қилишнинг ҳамда Ўзбекистон ва Япония ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Элчи июнь ойи охирида етакчи япон нашрларининг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари тўғрисида маълумот берди.
Учрашувда Ўзбекистон-Япония кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Мавзуга оид
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
13:06 / 28.02.2022
Ташқи ишлар вазирлиги таркибий бўлинмаларига янги раҳбарлар тайинланди
16:38 / 26.02.2022
Украинада шаҳарлараро транспорт тизими тўхтаб қолгани эвакуацияни мураккаблаштирмоқда — Ўзбекистон ТИВ
12:18 / 30.07.2021