Ўзбекистон | 12:18 / 30.07.2021
10488
3 дақиқада ўқилади

ТИВ пандемия даврида Ўзбекистонга кириш қоидаларини эълон қилди

Ташқи ишлар вазирлиги коронавирус пандемияси даврида хорижий давлатлар ҳудудидан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюриш бўйича тартиблар тўғрисидаги маълумотни эълон қилди. 

Қайд этилишича, ҳаво ва темирйўл орқали ташриф буюраётган шахслар Ўзбекистонга келиш учун ҳаво ёки темирйўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР (полимер занжирли реакция) орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим қилади.

ПЗР тест ўтказиш орқали коронавирус инфекцияси мавжудлигини текшириш ҳуқуқига эга лабораториялар ва тиббиёт муассасалари рўйхати қуйидаги ҳаволада қайд қилинган: http://www.sanepid.uz/.

Ўзбекистонга автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган шахслар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган маълумотнома тақдим этилган тақдирда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

«Сариқ» ва «қизил» тоифага ажратилган давлатлардан кириб келаётган шахслар Ўзбекистон ҳудудига киришда мажбуриятнома тўлдирган ҳолда, 14 кунга яшаш жойи бўйича ёки меҳмонхонада уй карантинини ўташлари талаб этилади.

Ўзбекистонга турист сифатида келаётган чет эл фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий истиқомат қилмайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларни таклиф қилган туроператор томонидан ДХХ Чегара қўшинлари ва Давлат божхона қўмитаси вакилларига зарурат бўлганда туризм хизмати кўрсатилаётган шахслар ва туризм хизматини кўрсатиш шартномаси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ваучер тақдим қилинади.

Ўзбекистон Давлат чегаралари ўтиш пунктларида, халқаро аэропорт ҳамда вокзаллардан Ўзбекистонга «сариқ» ва «қизил» давлатлардан туроператор ёки турагент хизматларидан фойдаланмаган ҳолда мустақил ташриф буюраётган туристлар умумий тартибда кириб келиши белгиланган.

Ўзбекистонга кириш вақтида турист томонидан коронавирус инфекциясининг мавжуд аломатлари туфайли топширилган тест натижалари мусбат чиққанда ўз мамлакатига қайтиб кетиш масаласи шу кундаги муайян авиакомпания ёки бошқа транспорт компанияларининг йўловчиларни ташиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.

Мавзуга оид