Фан-техника | 17:38 / 24.07.2017
8265
2 дақиқада ўқилади

Microsoft 32 йилдан бери ишлатилаётган Paint иловасини қўллашни бас қилади

Microsoft компанияси илк марта 1985 йили ишлаб чиқилган Paint график редакторини дастурий жиҳатдан таъминлашни бас қилмоқда. Windows 10 операцион тизими учун ишлаб чиқилган Fall Creators Update янгиланмалар рўйхатига қараб, шундай хулосага келиш мумкин.

Paint иловаси рўйхатда «эскирган» (deprecated) дея қайд этилган. Бу эса Microsoft’нинг фаол ишланмасини бас қилгани ва Windows’нинг кейинги версияларидан бутунлай олиб ташлашини билдиради. 

Microsoft эскирган хизматларга тизимнинг захира нусхаси System Image Backup (SIB) Solution яратиш функциясини ҳам қўшган, унинг ўрнига бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг ечимларидан фойдаланишни маслаҳат берган.

Бундан ташқари, Microsoft Windows 10’нинг янги версиясида электрон почта билан ишловчи Outlook Express дастури ҳамда матнли файллар билан ишловчи Reader app иловасини ҳам ўчиради — Edge браузерига интергация қилинади. 

Paint иловаси илк марта 1985 йилда Windows 1.0. версия билан биргаликда ишлаб чиқарилган эди. 2017 йилнинг баҳорида Microsoft Windows 10 Fall Creators Update янгиланмасини эълон қилди ва унинг таркибига 3D-объектлар билан ишловчи янгиланган Paint 3D дастури ҳам киритилди. 

Fall Creators Update янгиланмаси чиқишининг аниқ муддатини компания ошкор этмаяпти, фақат бу воқеа 2017 йилнинг кузида рўй бериши эълон қилинган, холос.

Мавзуга оид