Фан-техника | 19:15 / 27.07.2017
76857
2 дақиқада ўқилади

Chevrolet янги кроссоверлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин

Chevrolet маркасига эгалик қилувчи General Motors концерни янги автомобиллар борасидаги баёнотини келгуси ҳафтадаёқ эълон қилиши мумкин, деб ёзади Бразилиянинг Noticias Automotivas нашри.

Маълумотларга кўра, 2 август куни GM бугунги кунда қўшплатформали Chevrolet Onix ҳэтчбэки ва Chevrolet Prisma седани ишлаб чиқарилаётган Бразилиядаги ўзининг ишлаб чиқариш майдончасини кенгайтириши ҳақида эълон қилади. Ўшанда янги кроссовер ҳақида ҳам оммага ошкор қилинади.

Фото: Chevrolet Onix

Бразилияликларнинг қайд этишича, янги машина ҳам сўнгги авлоддаги Onix/Prisma асосига қурилади. Седан ва ҳэтчбэк 2019 йилда авлодларини ўзгартиради, кроссовер эса 2020 йилдан конвейердан чиқа бошлайди.

Йўлтанламас машина асосан Жанубий Америка мамлакатлари учун мўлжалланган бўлади ва эҳтимолки, Tracker модели ўрнини эгаллайди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги GM Uzbekistan заводида Chevrolet Tracker ишлаб чиқарилиши маълум қилиб келинаётган эди.

Фото: Chevrolet Tracker

Илгарироқ, 2018 йилдан Chevrolet янги ўрта ўлчамли SUVни серияли ишлаб чиқаришни бошлаши маълум қилинаётган эди. Бу кроссовер, асосан, АҚШда сотилиши мўлжалланмоқда. Тахмин қилинишича, ушбу модел учун Blazer номи қайта тикланади.

Мавзуга оид