Япония Хиросимага атом бомбаси ташланиши қурбонларини ёд олмоқда
Япония халқи 72 йил аввал 100 мингга яқин кишини ҳаётдан олиб кетган Хиросима воқеаси қурбонлари хотирасини бир дақиқалик сукут сақлаш билан ёдга олди. Хотира маросими Хиросима марказидаги Тинчлик боғида бўлиб ўтди, унда 80та давлат вакиллари иштирок этишди.
Сукут сақлаш дақиқаси 1945 йил 6 августда, Хиросимада бомба портлаган вақт – соат 08:15:01да эълон қилинди.
Маросимда сўзга чиққан шаҳар мэри Кадзуми Мацуи барча давлатлардан ядровий қуролдан тўлиқ воз кечишни талаб қилди. Унинг айтишича, бу қурол бутун дунёни хавф остига қўймоқда.
"Фуқаролик жамияти ядровий қурол давлат хавфсизлигини таъминлаш учун бефойда эканлигини аллақачон тушуниб етган. Бугунги кундаги бир бомба 72 йил аввал ташланган бомбадан минг чандон кучлироқдир. Ядро қуролининг қўлланиши душман мамлакат билан бирга уни қўллаган томонни ҳам дўзахга дучор қилади", деб айтди Мацуи ва ядро қуролини сақлаш катта қийматдаги пулларни беҳуда сарфлаш эканлигини таъкидлаб ҳам ўтди.
Ўз навбатида, Япония бош вазири Синдзо Абэ хотира маросимида ядро қуроли мавжуд бўлмаган дунёни қуриш учун барча давлатлар иштироки зарурлигини айтди.
"Япония атом бомбардимонига учраган ягона давлат сифатида ядро қуроли бўлмаган дунёни қидириш бўйича тинимсиз саъй-ҳаракатлар амалга ошириши керак", деб таъкидлаб ўтди у.
"Бундай фалокатлар ҳеч қачон қайтарилиши керак эмас", деб қўшимча қилди бош вазир Абэ ва мамлакат 2020 йилда ядро қуролини тарқатмаслик келишуви бўйича анжуман ўтказиш учун фаол кўмак беришни ваъда қилди. Шу билан биргаликда бош вазир ҳукумат бомбардимонни бошдан кечирганларга ёрдам беришни давом эттиришини айтди.
1945 йил 6 августда эрта тонгда Япония ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари Хиросимага АҚШ жанговар самолётларининг кичик гуруҳи яқинлашётганини пайқаган, бироқ қўмондонлик уларни уриб тушириш қарорини қабул қилмаган. Оқибатда АҚШнинг B-29 Enola Gay бомбардимончи самолёти ҳеч қандай қаршиликка учрамай, шаҳар марказидан учиб ўтган ва "Кичкинтой" деб номланган 4 тонналик уран бомбасини шаҳарга ташлаган. Бомба портлаши оқибатида 100 мингга яқин киши бир зумда ҳалок бўлган.
1945 йил охиригача қурбонлар сони 140 минггача ошган, яна ўн минглаб одамлар бир неча ўн йиллар давомида нурланиш оқибатидан азият чекиб яшаган.
Хиросима шаҳри ядровий зарба бериш учун бежиз танланмаган. Чунки бу шаҳар максимал қурбонлар ва вайронагарчиликларга эришишга имкон берувчи барча мезонларга мос келган: тоғлар қуршовидаги текислик, паст ва енгил алангаланувчи ёғоч иншоотлар. Шаҳар бомбардимон оқибатида буткул ер юзидан йўқ бўлган.
Мавзуга оид
12:13
“Ўзбекистондаги носвойлардан 10 хил заҳарли модда аниқладик” — Япониядаги ўзбек олими янги тадқиқоти ҳақида
20:50 / 23.12.2024
Японияда сунъий гравитацияга эга Ой мажмуаси прототипи қурилади
20:28 / 23.12.2024
Honda ва Nissan бирлашмоқда. Улар дунёдаги энг йирик учинчи автомобил ишлаб чиқарувчига айланади
18:22 / 22.12.2024