Ўзбекистон | 11:39 / 08.08.2017
30918
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фермерлари Кенгаши раҳбари ўзгарди

7 август куни Тошкент шаҳридаги «Пойтахт» бизнес марказида Ўзбекистон фермерлари Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Кун.узга Кенгашнинг  матбуот хизмати.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари У.Исмаилов ва О.Муродов, Ўзбекистон фермерлари кенгашининг Кенгаш аъзолари - Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар фермерлари кенгашлари раҳбарлари, Ўзбекистон фермерлари кенгашининг масъул ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Кенгаш раиси лавозимида ишлаб келаётган Содиқжон Турдиев ўз аризасига асосан Кенгаш раиси вазифасидан озод қилинди ва Кенгаш аъзолигидан чиқарилди. Кенгаш раиси вазифасини бажарувчи этиб Наманган вилоятининг Косонсой туманидан Кенгаш аъзоси ҳисобланган Баҳодир Турсунович Юсупов сайланди.

Шунингдек, Кенгаш йиғилишида республика фермерлик ҳаракатининг ўтган даврдаги фаолияти, амалга оширилаётган ишлар, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган истиқболли режалар бўйича фикр алмашилди. 

Йиғилиш якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларнинг таклифлари асосида келгусида соҳа бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
 

Мавзуга оид