Жамият | 09:48 / 09.08.2017
114122
14 дақиқада ўқилади

Тўйлардаги «хурмача» қилиқлар

Ёки дабдабабозлик, исрофгарчилик ва манманлик каби иллатлардан қачон халос бўламиз?!

«Бизни кемиргувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур. Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қаттиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлғон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр...»

Бу — маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Ойна» журналида эълон қилинган «Бизни кемиргувчи иллатлар» сарлавҳали мақоласидан бир парча. Орадан 102 йил ўтиб ана шу мулоҳазаларни ўқир эканмиз, тўй-маросимлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик, манманлик каби иллатлардан халос бўлиш халқимиз, жамиятимиз учун ҳали-ҳануз долзарб бўлиб турганини янада теранроқ англаб етамиз.

Зеро, тўй — тинчлик, фаровонлик рамзи. Яхши ният билан элга дастурхон ёзиб, икки ёшнинг никоҳ базмини ёру дўстлар даврасида нишонлашга нима етсин?! Лекин тўйни дабдабага, пулнинг кучини кўрсатадиган маросимга айлантиришдан қандай наф бор? Бунга қасд қилган киши «зўр» одамга эмас, аксинча, оёғи ердан узилган ношукр кимсага ўхшаб қолаётганига ақли етармикан?! 

Президентимиз Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида тўйларимиз хусусида куйиниб сўз айтди. Бугун ўзини кўз-кўз қилиб, «кимўзар»га тўй қилаётганлар кўпчилик бўлмаса-да, йўқ эмас. Улар ўзларини бошқалардан устун қўйиб, керилиб, «ҳамманинг оғзи очилиб қолсин» қабилида иш тутишлари жамиятимизни маънавий таназзулга етаклаётганини қандай изоҳлаш мумкин? 

«Келиннавкарлар» қайдан келди?
Яхши ният билан бошланган тўй азага айланди. Бухородан «ёр-ёр» айтиб келган «куёвнавкарлар» Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан келин тушириб қайтишда автоҳалокатга учради. Бир йўла беш киши ҳаётдан кўз юмди: келин-куёв, уларга ҳамроҳлик қилган йигит-қиз ва ҳайдовчи. Фожианинг сабаби — ортиқча дабдабабозлик. Кўчани тўлдириб, турнақатор бўлиб ҳаракатланаётган машиналар кортежи ичида энг шоҳона безатилган автоулов йўл четидаги тўсиққа катта тезликда бориб урилди... 

Бу — бир неча йил аввал юз берган воқеа. Аммо беш хонадон аъзолари қалбидаги жароҳатлар ҳали-ҳамон битгани йўқ. Хўш, бу кулфатдан бошқалар, ён-атрофдагилар қандай хулоса чиқарди, қандай сабоқ олди? 

Таассуфки, бугун юртимизнинг барча ҳудуди, чунончи, Самарқанду Бухорода ҳам бундай кераксиз «урф»лар кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаяётгани йўқ!

— Яқинда бир тўй оқшомида иштирок этдим, — дейди пойтахтимизнинг Миробод туманидаги Темирйўлчилар маҳалласи фаоли Муҳаммадниёз ота Абутов. — Базм аввалида катта экран орқали келин-куёвнинг қандай танишгани-ю, бир-бирларига қандай кўнгил қўйганликларини акс эттирувчи лавҳалар намойиш қилинди. Рости, кўришга киши уяладиган манзаралар. Ҳали никоҳ деган муқаддас ришта боғланмай туриб йигит-қизларимизнинг боғу хиёбонларда, ҳатто тоғлар қўйнида қўлтиқлашиб, қўл ушлашиб суратга тушиши тўғрими?! Бунга ота-оналари қандай изн беришди экан? Боз устига, уларни анча-мунча одам тўпланган даврада кўз-кўз этишдан мақсад нима? Ўзбекона шарм-ҳаё, нозу ибо, ор-номус деган тушунчалар қаерда қолди?! Сўраб-суриштириб билсам, шу қисқа «фильм»ни тайёрлаш учун минг доллардан зиёд маблағ сарфлашибди. Ахир ана шу сармояни икки ёшнинг турмуш фаровонлиги йўлида ишлатиш мумкин эди-ку! Бу тўйларимиздаги дабдабабозликдан биргина мисол, холос.

Яна бир оғриқли масала. Биламизки, аждодларимиздан мерос анъанага кўра, келинни янги хонадонга тушириб келиш маросими «куёвнавкарлар» иштирокида ўтказилади. Бироқ сўнгги пайтларда «келиннавкарлар» деган янги атама ҳам пайдо бўлибди. Ажабо! Қайсидир хорижий фильмда келиннинг кўйлаги, пойабзали, соч турмаги, ҳатто тўғноғичигача бир хил бўлган 10 — 15 чоғли дугонаси билан базмга кириб келиши манзарасини кўриб, истеҳзо билан кулиб қўя қолгандик. Қарангки, «гул отиш», «вальс тушиш», «торт кесиш» каби ноодатий урфларни ҳазм қилиб улгурмасимиздан «оммавий маданият»нинг мазкур унсури ҳам тўйларимизга кириб келибди. Энг ёмони, келин бўлмишнинг ота-онаси ёки қуда томон энди фалон минг доллар пул сарфлаб тўй либосини харид қилишдан ташқари, дугоналарини ҳам бир хил фасондаги уст-бош билан таъминлашга масъул! Агар камчиқимроқ йўлни танласангиз, марҳамат, ижара хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Бунинг учун ҳар бир «келиннавкар»га 100 доллардан маблағ сарфлашингизга тўғри келади. Бундай ақлбовар қилмас одатларни давлатимиз раҳбари «бало» деб атади. Чиндан ҳам бало. Қаёққа қараб кетаяпмиз ўзи?! Кимларга тақлид қилаяпмиз?!

— Пойтахтимизда йилига ўрта ҳисобда 18 минг атрофида никоҳ қайд этилаяпти, — дейди Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова. — Бироқ юз бераётган оилавий ажримларнинг 20 — 25 фоизига айнан тўй-ҳашамларимиздаги калондимоғлик, «хурмача» қилиқлар сабаб бўлаётгани ачинарлидир. Бу борада амалий ишларни олиб бораётганимизга қарамай, нохуш ҳолатлар камаяётгани йўқ. Ваҳоланки, оммавий ахборот воситаларимизда аввал ҳам ушбу мавзуда қанчадан-қанча чиқишлар қилинди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича тегишли мутасаддиларга Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифасини топширганлари айни муддао бўлди.  Муаммога қарши барчамиз бир ёқадан бош чиқариб курашиш вақти келди. 

Ўйлаб қоласан, киши: одатда, данғиллама тўй қилиб, исрофгарчиликка йўл қўяётган инсонларга танбеҳ берилганда, «Бизнинг ҳам ўз орзу-ҳавасларимиз бор», дея эътироз билдиришади. Наҳотки юқоридаги каби одамийликка ёт унсурларнинг тўйларимизда жорий этилишига хайрихоҳ бўлаётганлар ана шундай орзу-ҳавас билан яшасалар?!

Қизи бор уйнинг нози бор, тўйдан кейин беҳисоб қарзи бор
Водий вилоятларининг баъзи ҳудудларида бир таомил бор. Уларда қиз узатишнинг даҳмазаси бисёр. Келиннинг ота-онаси уй безатиш, тўй харажатларидан қутулибоқ, яна бир ташвишга рўбару келади. Яъни тўйдан сўнг бир ҳафта — ўн кун, айрим жойларда ҳатто бир ой давомида ҳар куни куёвнинг хонадонига тоғорада таомлар юборишади. Янги рўзғор эгаларига қўшиб, қудаларини ҳам турли ноз-неъматлар билан сийлашади. Шу билан дабдабалар тугаса қанийди?! Қиз томон йил давомида ҳар байраму сайилда куёвига бошдан-оёқ сарпо қилиши урфга кирган. «Қилмасак бўлмайди, одамлар нима дейди?» деган нотўғри қараш мавжуд. Шундай синовларни бардош билан енгиб ўта олган ота-онанинг тўйдан кейинги аҳволини тасаввур қилиб кўраверинг. 

Пойтахтда ҳам шундай расм-русумлар кўп. Яқин-яқингача бу ерда никоҳ базмларидан сўнг 150 — 200 киши иштирокида «Чарлар», «Қуда чақириқ» деган маросимлар ўтказилганини яхши эслаймиз. Қолаверса, қудалар бири-биридан ошириб 20 — 30талаб тоғора жўнатадиган «Тўй юборар» деган ақлга сиғмас маросимлар уюштирилгани ҳам ҳақиқат. Ана шундай ортиқча «анъана»ларга жамоатчилик аралашуви, оқсоқолу кайвонилар, маънавият тарғиботчиларининг узоқ саъй-ҳаракатларидан сўнг деярли барҳам берилган бир пайтда уларнинг ўрнини «Танишув», «Йўқлов» каби янги удумлар эгаллаётганига нима дейсиз?!

— Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтай, — дейди Навоий вилоятида яшовчи меҳнат фахрийси Илҳом Бобоқулов. — Ёлғиз онага қийин. Қўшни қишлоққа қизини бировдан кам қилмай узатди. Ёшлар кўнгил боғлаб, турмуш қуришди. Сандиғини сарпою сепга тўлдириб жўнатди. Мебели, гиламу пардасигача баҳоли қудрат харид қилди. Аммо 17 ёшида келин бўлган қиз тўйдан уч ой ўтмай онасиникига кўч-кўрони билан қайтиб келди. Кейинроқ билсак, ҳамма бало мебель можаросидан чиқибди. Қайнонасининг «Онанг арзон матоҳ олиб келиб, бизни шарманда қилди» қабилидаги гап-қистовларидан безган келин бахтидан ҳам воз кечибди. Кайвонилар, маҳалла фаоллари ўртага тушишди. Бироқ дарз кетган оилани бутлаб бўлмади. Ўйлаб қоласан киши, наҳотки 4-5 бўлак ёғочнинг қадр-қиммати фарзандларимиз бахту саодатидан устун бўлса?! Йигитнинг ори, ғурури йўқмиканки, қиз томоннинг совға-саломига кўз тикиб қолган бўлса?! 

Кимнинг «муқоми»га йўрғалаяпмиз?
Базм бошланиши билан раққосаларнинг «даврани қизитиши»га кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз. Таассуфки, уларнинг хатти-ҳаракатларини рақс санъатига мутлақо тенглаштириб бўлмайди. Аксинча, эркагу йигитлар атрофида гирдикапалак бўлиб қилинган муқом, беўхшов қилиқлар фақат одамнинг ғашини келтиради. Хўш, бундай ҳолат кимга ибрат бўла олади? Ахир тўйда ёш-яланг, хотин-қизлар, кексалар ҳам иштирок этишади-ку?! Бу мавзу кўп бор гапирилди, матбуотда ёритилди. Бироқ, афсуски, сезиларли амалий натижалар кўзга ташланаётгани йўқ.

— Бир тўй базмида қатнашдим, — дейди Зангиота туманилик тажрибали педагог Назира Раҳмедова. — Келиннинг ҳам, куёвнинг ҳам ота-оналари бамаъни инсонлар экан. Бироқ ундаги «томошалар» кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди: тўйда иштирок этган санъаткорлар таклифи билан келин-куёв базм якунига қадар нақд уч марта даврага чиқиб, хориж удумларига тақлидан вальс рақсига тушишди. Келиннинг эгнидаги елкаю ёқаси очиқ тўй либоси эса кўпчиликни уятга қўйгани ҳам таассуфли ҳол. Шу зайлда давом этган шодиёна, ёш-яланглар сўзи билан айтганда, нақ дискотекага айланди. 

Бундан ташқари, таниқли санъаткорлар келишига қараб тўй-тантаналарга баҳо бериш урфга кирди. Айрим базмларда навбат талашаётган хонандаларни кўриб, бунга яна бир бор амин бўлишимиз мумкин. Ҳатто куйлаш услуби, йўналиши, қўшиқлари мазмуни тўй-базмларга мутлақо мос бўлмаган «рэп» ижрочилари ҳам бугун никоҳ шодиёналарида «хониш» қилишмоқда. Қолаверса, ўн беш ёки йигирма дақиқалик чиқишларининг ҳам нархи нимагадир кўпинча сўмда эмас, «кўки»да.

— Мутафаккир шоир Жалолиддин Румийнинг бир ҳикмати бор: «Инсонга ҳеч нарсани ўргатиб бўлмайди, фақат йўл кўрсатиш мумкин, йўлдан эса ҳар ким ўзи ўтиб бориши керак», — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши бўлим мудири Жамил Яратов. — Шу маънода айтиш мумкинки, тўй-маросимларимиз учун турнақатор машиналар карвони, қимматбаҳо либослару антиқа «шоу»ларга буюртма бериш учун ота-оналарини қистовга олаётганларнинг айримлари ҳам аслида катта ҳаёт бошида турган йигит-қизларимизнинг ўзи! Шундай экан, улар орасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирмай туриб, кутилган натижага эриша олмаймиз. 

Умр эгови
Хaлқимиздa тўю тaнтaнaлaр куй-қўшиқсиз ўтмaйди. Бoз устигa, хoнaндa энг юқoри пaрдaдa куйлaйди, oвoзкучaйтиргичнинг қулoғи энг бaлaнд чaстoтaгa сoзлaнaди. Мусиқaнинг «гумбур-гумбур»идaн aтрoф зириллaб, девoрлaр титрaмaсa, гўё ҳеч кимнинг кўнгли тўлмaйди. — Тўй бaзмлaридa мусиқaни шундaй бaлaндлaтиб қўйишaдики, ҳaттo ўзaрo дийдoрлaшув, мулoқoт қилиш учун ҳaм имкoн бўлмaйди, — дейди пoйтaхтимизнинг Учтепа туманида яшовчи Абдухалил Муродов. — Кучли шoвқиндaн ёнингиздa ўтиргaн кишининг сўзини эшитиш ҳам aмримaҳoл. Қолаверса, шoвқин-сурoнли кечaларга иштиёқмaнд ёшлaр ҳaли тўлиқ улғaймaй туриб, турли хaстaликлaргa чaлинсa, ундaн хaлoс бўлиш oсoн кечмaйди-ку?! Шундaй экaн, шoвқинли ҳaёт тaрзигa oдaтлaнишдaн сaқлaнишгa эътибoр қaрaтишимиз жoиз эмaсми?!. 

Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, бaлaнд тoвуш тaъсиридa қулoқ пaрдaси йиртилиши, қулoқ бўғимлaри oрaсидaги бoғлaнишлaр узилиши кузaтилар экан. Қoлaверсa, кучли oвoз нaфaқaт эшитиш, балки асаб тизимига ҳам сaлбий тaъсир кўрсaтaди. Oқибaтдa неврoз, қoн бoсими кaби хaстaликлaр ҳaмдa бoш oғриғи, бoш миядa қoн aйлaнишининг бузилиши кaби ўзгaришлaр пaйдo бўлaди. Ўз нaвбaтидa, бaлaнд тoвуш, кучли шoвқин бoш мия инсульти, юрaк-ишемик хaстaликлaрининг келиб чиқиши вa ривoжлaнишигa сaбaб бўлувчи oмиллaрдaн бири экан. 

Ваҳолонки, бу ҳақда газетамизда бундан бир неча йил аввал ҳам қатор чиқишлар эълон қилинган, ҳатто амалий саъй-ҳаракатлар кўриш учун тегишли мутасадди ташкилотларга ҳам жўнатилган  эди. Аммо, афсуски, бу бoрaдaги хулoсaлaр, қилинaжaк сaъй-ҳaрaкaтлaр  тўйдaн чиққунчa — уйгa етгунчa қaбилидa бўлди. Хўш, бу ҳaқдa ким қaйғуриши, мaсaлaгa ким ижoбий ечим тoпиши керaк? Эҳтимoл, жaмoaт жoйлaридa мусиқa қўйиш мезoнлaрини белгилaб берувчи ҳуқуқий меъёрлaр зaрурдир?! Сaнъaтгa aлoқaдoр идoрaлaр, тиббиёт сoҳaси мутaсaддилaри, мaънaвиятимиз тaрғибoтчилaри вa қoлaверсa, мaҳaллa-кўй, кенг жaмoaтчилик вaкиллaри тaшaббуси билaн бу бoрaдa тегишли чoрa-тaдбирлaр белгилaш фурсaти етди, нaзaримиздa.

«Ҳар ишнинг меъёри яхши», дейди доноларимиз. Зеро, меъёр тартибга бошлайди, тартибнинг натижаси эса ҳеч қачон ёмон бўлмаган. Бинобарин, тўй — қувончли тадбир. Ундан кутилган мақсад-муддао ҳам эзгу ва хайрлидир. Шундай экан, тўйларимиз мазмунли, хушнудликда ўтадиган, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ёш оилаларга чин дилдан бахту саодат сўраладиган тадбир сифатида хотирамизда муҳрланиб қолса, бундан ким ютади? Албатта, биз, аниқроқ айтганда — ҳаммамиз!

Фаррух БЎТАЕВ.

Халқ сўзи газетаси

Мавзуга оид