Жамият | 23:50 / 16.08.2017
22734
8 дақиқада ўқилади

Бошқалар лотинча имлога қандай ўтишди? Мукаммаллик сари ислоҳотлар

Маълумки собиқ иттифоқдош республикалардаги туркий тилли давлатлардан Озарбойжон ва Туркманистон давлатлари ҳам мустақилликнинг дастлабки йилларида лотин алифбосига ўтишини эълон қилиб, янги алифбога ўтишни тўлиқ якунлаб, айни кунларда янги имлодан бемалол фойдаланишмоқда.

Уларда алифбога қандай ўтилган? Алифбо якуний кўринишга келгунга қадар қай тартибда такомиллаштириб борилган? Келинг, шулар ҳақида қизиқарли маълумотлар билан танишсак.

Туркманистон тарихида илк лотинча алифбо — Яналифга СССРдаги барча туркий халқлар сингари 1928 йилнинг 3 январидан ўтилган. Унгача туркманлар ҳам араб алифбосидан фойдаланишган. 1929 йилдан бошлаб барча соҳаларда Яналифга тўлиқ ўтилган.

1940 йилнинг 1 июлидан кирилл ёзувига ўтилган ва 2000 йилга келиб тўлиқ муомаладан чиқарилган.

Аа, Бб, Вв, Гг, Дд, Ее, Ёё, Жж, Җҗ, Зз, Ии, Йй, Кк, Лл, Мм, Нн, Ңң, Оо, Өө, Пп, Рр, Сс, Тт, Уу, Үү, Фф, Хх, Цц, Чч, Шш, Щщ, Ъъ, Ыы, Ьь, Ээ, Əә, Юю, Яя

Мамлакат мустақилликка эришгач, дарҳол лотин ёзувига ўтиш ҳаракатлари бошланган ва 1992 йили алифбонинг дастлабки варианти қабул қилинган. 19 август куни эълон қилинган лойиҳадан қуйидаги ҳарфлар ўрин олган:

Aa, Bb, Cc, Dd, Ee, Ea ea, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, Jh jh, Kk, Ll, Mm, Nn, Ng ng, Oo, Qq, Pp, Rr, Ss, Sh sh, Tt, Ts ts, Uu, Vv, Ww, Xx, Yy, Zz.

Айниқса, q — ө, v — ү, x — ы товушларини билдириши билан бу алифбо бироз ноқулай эди.

1993 йилнинг январида Туркманистон фанлар академияси алифбонинг янги вариантини эълон қилди:

Aa, Bb, Çç, Dd, Ee, Ää, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, £ſ, Kk, Ll, Mm, Nn, Ññ, Oo, Öö, Pp, Rr, Ss, $¢, Tt, Uu, Üü, Ww, Yy, ¥ÿ, Zz.

Сапармурат Ниязов бошчилигида ўзгартирилган алифбода фунт-стерлинг, доллар, иена каби пул белгиларини билдирувчи символлар ҳам бўлгани кишини ҳайратга солади. Туркманистоннинг 1993 йилда чиққан илк миллий валютасида ҳам BA$ ¥ÜZ MANAT каби ёзилган.

2000 йилда ушбу алифбога Žž, Şş, Ňň, Ýý ҳарфлари киритилиб, 17 йил давомида ўзгартирилмасдан фойдаланиб келинмоқда.

Aa, Bb, Çç, Dd, Ee, Ää, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, Žž, Kk, Ll, Mm, Nn, Ňň, Oo, Öö, Pp, Rr, Ss, Şş, Tt, Uu, Üü, Ww, Yy, Ýý, Zz

Ўзгартиришлар Туркманистоннинг янги манатида ҳам акс этганига гувоҳ бўлишингиз мумкин:

Озарбойжонда эса илк лотинча алифбо 1922 йилда жорий этилган. 1939 йилнинг майидан бошлаб озарбойжон тилини кирилл алифбосига ўтказиш ҳаракатлари бошланган.

Аа, Бб, Вв, Гг, Ғғ, Дд, Ее, Әә, Жж, Зз, Ии, Йй, Кк, Ҝҝ, Лл, Мм, Нн, Оо, Өө, Пп, Рр, Сс, Тт, Уу, Үү, Фф, Хх, Һһ, Цц, Чч, Ҹҹ, Шш, Ыы, Ээ, Юю, Яя, ’ (тутуқ белгиси)

1939 йили тасдиқланган кириллча алифбо ҳам йўл-йўлакай такомиллаштириб борилган. 1947 йили «Ц ц» дан воз кечилган. 1958 йилда «Э э», «Ю ю», «Я я» ҳарфларининг баҳридан ўтилган «Й й» нинг ўрнига «J j» қабул қилинган ва шу алифбо 2001 йилгача расман амал қилган.

Лотинча имлога ўтиш эса Озарбойжонда 1992 йилда старт олган. Дастлаб қабул қилинган Алифбода «Ä ä» ўрнига кейинроқ «Ә ә» қабул қилинган. 1992 йили Озарбойжонда чиқарилган заём ва кейинчалик чиқарилган миллий валюта манатларда бу фарқ сезилиб турибди.

Айни пайтдаги озар алифбоси қуйидагича кўринишга эга:

Aa, Bb, Cc, Çç, Dd, Ee, Əə, Ff, Gg, Ğğ, Hh, Xx, Iı, İi, Jj, Kk, Qq, Ll, Mm, Nn, Oo, Öö, Pp, Rr, Ss, Şş, Tt, Uu, Üü, Vv, Yy, Zz

Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтиш ҳақида қарор қабул қилингач, Республикамиз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида амал қилувчи қорақалпоқ тили ҳам лотинчага ўтказилди. 1940 йилнинг 18 июлидан Қорақалпоғистонда ҳам кирилл алифбоси амал қилиб келаётган эди:

Аа, Әә, Бб, Вв, Гг, Ғғ, Дд, Ее, Ёё, Жж, Зз, Ии, Йй, Кк, Ққ, Лл, Мм, Нн, Ңң, Оо, Өө, Пп, Рр, Сс, Тт, Уу, Үү, Ўў, Фф, Хх, Ҳҳ, Цц, Чч, Шш, Щщ, Ъъ, Ыы, Ьь, Ээ, Юю, Яя

1993 йилнинг охирларида лотин имлосига асосланган ўзбек алифбосининг дастлабки варианти тақдим этилгач, унинг асосида лотин имлосидаги қорақалпоқ имлоси ҳам ишлаб чиқилди:

Aa, Ää, Bb, Dd, Ee, Ff, Gg, Ğğ, Hh, Xx, Iı, İi, Jj, Kk, Qq, Ll, Mm, Nn, Ňň, Oo, Öö, Pp, Rr, Ss, Şş, Tt, Uu, Üü, Vv, Ww, Yy, Zz.

1995 йилда ҳам ўзбек, ҳам қорақалпоқ алифболари қайта кўриб чиқилди. Қорақалпоқларнинг 1995 йилги алифбоси қуйидагича кўриниш олди:

Aa, A‘a‘, Bb, Dd, Ee, Ff, Gg, G‘g‘, Hh, Xx, Iı, İi, Jj, Kk, Qq, Ll, Mm, Nn, N‘n‘, Oo, Oʻoʻ, Pp, Rr, Ss, Tt, Uu, U‘u‘, Vv, Ww, Yy, Zz, Sh sh

2009 йилда лотин имлосидаги қорақалпоқ алибосига яна ўзгартиришлар киритилди. Қорақалпоғистон Республикасининг 2009 йил 8 октябридаги қонунига кўра, «ts» ҳарф бирикмаси «С с» га алмаштирилди. Асл қорақалпоқ тилидаги сўзларда сўз бошидаги «e», «o» ва «oʻ» ҳарфлари мос равишда «ye», «wo» ва «woʻ» шаклида ёзила бошланди. «I ı» ҳарфи «I‘ i‘»га алмаштирилди «Сh» ҳарф бирикмаси жорий этилди. Бугунги кунда қорақалпоқ алифбоси қуйидаги кўринишга эга:

Аа, Bb, Cc, Dd, Ее, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, Kk, Ll, Мm, Nn, Оо, Pp, Qq, Rr, Ss, Тt, Uu, Vv, Ww, Xx, Yy, Zz, А‘а‘, Oʻoʻ, I‘i‘, U‘u‘, G‘g‘, N‘n‘, Sh sh, Ch ch

Эслатиб ўтамиз, 1993 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов «Лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ҳақида»ги қонунни имзолаган эди. Унга кўра лотин имлосига асосланган ўзбек алифбоси қуйидагича кўринишда қабул қилинган эди:

Aa, Bb, Cc, Dd, Ee, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, Kk, Ll, Mm, Nn, Oo, Pp, Qq, Rr, Ss, Tt, Uu, Vv, Xx, Yy, Zz, Çç, Ğğ, Ɉɉ, Ññ, Öö, Şş, ʼ

Модомики, ҳозирги ноўнғай алифбони такомиллаштириш, лотинча имлога тўлиқ ўтиш учун уни замона зайлига мослаш зарурияти бор экан, айнан мана шу алифбога қайтиш керак эмасмикан?

Ш.Шокиржонов тайёрлади

Мавзуга оид