Жамият | 23:25 / 17.08.2017
41983
2 дақиқада ўқилади

Йўқолган никоҳ узуги 13 йил ўтиб сабзида топилди

Фото: Mary Grams

Канадалик аёлнинг никоҳ узуги йўқолиб қолгандан 13 йил ўтиб унинг томорқасида топилди, деб хабар бермоқда BBC News.

Мэри Грамс бриллиант кўзли узугини 2004 йилда Альберта вилоятидаги оилавий фермада пуштани ўтаётганда йўқотиб қўйган. Аёл бу ҳақда фақат ўғлигагина айтган, у буни қолганлардан, жумладан турмуш ўртоғидан сир тутган. 

Грамс йўқотилган узук ўрнига бошқа арзонроқ узукни тақиб юрган ва сир бой бермаган.

Жорий ҳафтада унинг келини таом тайёрлаш учун томорқадан бир нечта сабзини юлиб олиб, уларни юваётганда узукни топиб олган. Аниқланишича, сабзи узук орасидан ўсиб чиққан. Аёлнинг ўғли бу узук кимга тегишли эканлигини дарров фаҳмлаган. 

Аёл буни билгандан кейин 5 йил аввал вафот этиб кетган эридан ҳақиқатни яширганидан афсус қилган. Аёлнинг фикрича, турмуш ўртоғи эҳтимол бу ҳолатни кулгили деб топган бўларди.

Кекса аёл бундан буёғига қимматбаҳо буюмларга эътиборлироқ бўлишини айтган.

BBC News’нинг таъкидлашича, шунга ўхшаш воқеа 2011 йилда Швецияда содир бўлган: ўшанда бир аёл йўқотиб қўйган никоҳ узугини 16 йил ўтиб сабзида топган.

Мавзуга оид